Қозоғистон музейлари одатдаги тартибда ишлай бошлади

Қозоғистон музейлари одатдаги тартибда ишлай бошлади

Тарих ва санъат шинавандалари учун яхши янгилик: музейлар меҳмонлари учун эшик очмоқда. Уларнинг бир нечтаси барча санитария талабларига риоя этган ҳолда ой бошидан фаолият юритяпти. Одатдаги тартибга кўчган дастлабки музейлардан бири Республика Миллий музейи эди. Бу ерда Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб, Миллий фанлар академияси академиги, профессор Нурлан Батпеновга бағишланган кўргазма очилди. Музей раҳбарияти келгуси тадбирлар тўғрисида ҳам маълумот тарқатди.

«Тез кунларда Миллий музейда Олтин Ўрданинг 750 йиллигига бағишлаб, шунингдек, «Буюк улус», «Қадимий туркийлар цивилизацияси» заллари очилади. Бундан ташқари, Абай Қўнонбоевнинг 175 йиллиги, Ж. Мўлдағалиевнинг 100 йиллиги, тарихчи Э. Бекмахановнинг 105 йиллиги, бастакор Нурғиса Тлендиевнинг 95 йиллиги, биринчи қозоқ антропологи Ўразақ Смағуловнинг 90 йиллигига аталган тадбирлар ўтказилади», дейди Республика Миллий музейи директор ўринбосари Алмаз Нуразхан.

Ўтмишнинг генеалогик ва тарихий ўзига хосликларини ўрганиш учун замонавий воситалардан фойдаланиш зарурлигини Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз Мактубида кўрсатиб ўтганди.

«Шу тариқа, Республика Миллий музейи келажакда ҳам рақамли технологияларни ривожлантиришда, шу жумладан, виртуал музейлар тармоғини яратиш, музей захираларини рақамлаштиришда давом этади. Юзага келган вазиятга қарамай, музей хизматчилари тарихни ўрганиш, миллий маданиятни ривожлантиришда давом этаяпти», деб уқтириб ўтди Алмаз Нуразхан.

Шуни ҳам айтиш керакки, маданият даргоҳлари ёпилиши натижасида санъат онлайн тартибга ўтганди. Кўплаб музей ва галереялар мавжуд сайтлар ишини фаоллаштирди, улар орқали бепул экскурсиялар уюштирилди, энг яхши экспонатлар билан таништиришди. Бу иш давом эттириляпти.

 

Фото: zabivan.livejournal.com