Қозоғистон кинолойиҳалари хорижда тан олинмоқда

Қозоғистон кинолойиҳалари хорижда тан олинмоқда

Адилхан Ержановнинг «Сариқ мушук» бадиий фильми «Уфқлар» дастурида 77-Венеция халқаро кинофестивалида намойиш этилади. Нуфузли мусобақа одатий форматда 2 сентябрдан 12 сентябргача бўлиб ўтади. Қозоғистонлик Бонни ва Клайд ҳақидаги фильм режиссёри эпидемиологик вазият яхшиланиши биланоқ йирик кино тадбирида иштирок этиш ниятида.

«Назаримда, бугунги кунда Венециядаги жонли формат умуман  ҳар қандай фильм учун энг яхши премьерадир. Жамоа ва саралаш гуруҳидагиларга берилган имконият учун раҳмат», дейди Адилхан Ержанов.

Фильм сюжетига кўра, Кермек исмли йигит ўз она шаҳрига қайтиб, бу ерда криминал олам вакиллари устунлигини тушунади. Бундан ташқари, жиноятчилар унинг суюклиси Евани ҳам бу хунук воқеаларга тортади. Йигит ўзи истамаган ҳолда сирпанчиқ йўлга қадам босади. Бироқ у ҳамда Ева ушбу бешафқат доирадан чиқиб, шахсий кинотеатр очишни исташади ва бунга ишонадилар. Бу ёрқин орзу уларни ушлаб туради. 

«Фильм бош қаҳрамони Кермек – замонавий контекстга киритилган фольклор персонаж. Жамиятга кириша олмайдиган, содда ва меҳрибон қаҳрамонни яратиш мен учун жуда қизиқ эди. Актёр Азамат Нигманов ушбу образни мукаммал ижро этган ва янгича ёндаша олган. Ростини айтсам, бу фильм нимаси билан ажралиб туришини билмайман. Аммо аниқ  биламанки, сюжетдаги турли ўзгаришларга қарамасдан, оддий ва эзгу мавзудаги фильм яратдим. Картинада болалик ва соддалик квинтэссенцияси мен учун  энг асосийси бўлди», дейди режиссёр.

Инкар Абдраш томонидан олинган қисқа метражли фильм жанридаги «Умай»  деб номланган яна бир Қозоғистон маҳсулоти июль ойида Словакияда бўлиб ўтган “Kosece International Monthly Film Festival” да «энг яхши режиссёр-дебютант» мукофотига  сазовор бўлди. «Казахфильм» киностудияси хабар беришича, танловнинг мақсади дунёнинг турли мамлакатларидан келган истеъдодли режиссёрларни тарғиб қилишдир. Кинофестиваль ҳакамлар ҳайъати таркибига Словакиядан келган ёш киноижодкорлар киритилган. Ҳар ой улар йил якунларига кўра ўз тоифасида KIMFFнинг асосий мукофотларини олишга даъвогар бўлган ғолибларни аниқлайди. Йиллик мукофотларни топшириш маросими 2021 йилнинг 26-28 май кунлари ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, «Умай» фильмида талтайган актрисанинг ҳаётини яхши томонга ўзгартирган етимхонадаги бола ҳақида ҳикоя қилинади.

 

Фото: inform.kz