«Ковид» даври маданияти: пандемия тарих ва санъат шинавандаларига зарар келтира олмайди

«Ковид» даври маданияти: пандемия тарих ва санъат шинавандаларига зарар келтира олмайди

Ҳиндистондаги машҳур муҳаббат ёдгорлиги - Тож-Маҳал карантиндан сўнг яна туристлар учун очилди. Аммо пандемия қатор ўзгаришлар жорий этишга мажбур қилди. Тарихий объектга кунига кўпи билан беш минг турист киритилади. Улар доимо ниқоб тақиб юриши ва бир-биридан камида икки метр масофада ҳаракатланиши лозим. Аградаги мазкур ёдгорлик COVID-19 пандемияси туфайли уч ой ёпиб қўйилганди. Карантингача Тож-Маҳални кунига 80 минг одам зиёрат қиларди.

Жаҳон саёҳатчилари учун жозибадор яна бир маскан – Париждаги Лувр саройи ҳам эшигини очди. Бу ерда ҳам чекловлар мавжуд. Ундаги заллардан фақат  70 фоизига кириш мумкин экан. Экспозицияларни томоша қиларкансиз, фақат бир эшик – пирамид остидан кирасиз ва бир томонга ҳаракатланасиз.  Барча ходимлар ва туристлар ниқоб тақиши шарт. Пандемиягача бўлгани қадар саёҳатчилар кузатилмаса-да, музейга киришни истовчилар кўп. Зеро, ўтган йили Луврга 9 ярим миллиондан ортиқ одам кирган эди.

«Бугун 7 минг одамни қабул қилдик. Авваллари кунига 30 минг одам кирарди. Барча эҳтиёт чоралари кўрилган. Музей катта ҳудудда жойлашган. Яъни, масофаланиш имкони бор», деди Лувр директори Жан-Люк Мартинес.

Пандемия туфайли ҳозирча Қозоғистон маданият объектлари ёпиқлигича қолмоқда. Яқинда мамлакатда локдаун эълон қилинди ва карантин чоралари кучайтирилди. Аммо Қозоғистон Миллий музейи, Тинчлик ва тотувлик саройи, EXPO маркази каби ўзига хос масканларни виртуал шаклда томоша қилиш имконияти яратилган. Одамлар уйларидан чиқмаган ҳолда онлайн турда қатнашиши, тарихий артефактлар томоша қилиши, археология ютуқлари билан танишиши мумкин.

 

Фото: interactive-english.ru