Байрамлар қаторига Абай куни ҳам киритилиши мумкин

Байрамлар қаторига Абай куни ҳам киритилиши мумкин

Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги Абай кунини таъсис этиш ва бу санани ҳар йили 10 август куни нишонлашни таклиф этмоқда. 13 июль куни бу таклиф расмий муҳокамага қўйилади.

Павлодарда эса буюк Абай Қўнонбоев асарлари асосида қўшиқ яратилди. Баянауллик шоир, журналист ва педагогика фахрийси Зекебай Сўлтанбай «Ғашықтық тілі – тілсіз тіл» шеърига куй басталади ва композиция ҳозирлади. Куни-кеча вилоят музейида янги қўшиқ тақдимоти ўтказилди. Композицияни павлодарлик ёш қўшиқчи Баурбек Бектемиров ижро этди.

«Репертуаримда Абай Қўнонбоев шеъри асосида куйга солинган чуқур фалсафий мазмунга эга қўшиқ пайдо бўлди. Бу асарни биринчи бўлиб куйлаганимдан бахтиёрман», деди Павлодар Санъат саройи артисти Баурбек Бектемиров.

Пандемия бошланганидан буён Павлодардаги маданий-маърфиий тадбирлар онлайн-тартибда ўтказиляпти. Ижтимоий тармоқлар орқали Абай Қўнонбоев 175 йиллигига бағишланган 50 дан зиёд тадбир ташкил қилинди. Павлодар яқинидаги кўчалардан  бирига мутафаккир номи берилди, 175 туп дарахт ўтқазилди. Августда эса вилоят марказида ёдгорлик очилади.

«Буюк шоир юбилейи кенг нишонланмоқда. Трамвайлардан бири унинг номи билан аталди, марказий кўчаларда Абай Қўнонбоев сурати туширилган билбордлар илинди. Яқинда унинг номи берилган кўчада ёдгорлик ўрнатилади»,  деди Павлодар шаҳри Маданият ва тилларни ривожлантириш бўлими раҳбари Самал Бегалинова.

Қозоқ адаиёти асосчиси юбилейига барча минтақаларда қизғин тайёргарлик давом этмоқда. Шарқий Қозоғистон вилоятида Абай ва Шакарим сурати туширилган 9 метрли стела ўрнатилди. Унинг умумий оғирлиги - 3,5 тонна, кенглиги - 6,5 метр.

 

Фото: uralskweek.kz