Халқаро анжуманда ал-Форобий мероси муҳокама қилинди

Халқаро анжуманда ал-Форобий мероси муҳокама қилинди

«Буюк Файласуф илмий-маънавий мероси». Қирғизистонда шу ном остида ал-Форобийнинг 1150 йиллигига бағишланган онлайн-анжуман бўлиб ўтди. Олим, тарихчилар, Қозоғистон, Қирғизистондаги етакчи университетларнинг кўзга кўринган ўқитувчилари таъкидлагани каби, ал-Форобийнинг билим доираси ниҳоятда кенг бўлган - фалакиёт, риёзиёт ва фалсафадан тортиб, дин, мусиқа ва сиёсатгача. Уни барча соҳа қизиқтирган. Илм орқали у инсон тамаддунининг мавжуд манбаларини кашф эта олиши мумкин эди. Ибратли шаҳар-давлат ҳақидаги  таълимот унинг энг машҳур асарларидан бири. Ал-Форобий фикрига кўра, фозил одамлар шаҳрида яшовчи ҳар бир шахс чинакам бахт сари интилади, эзгулик ва адолат ҳукм суради, ҳақсизлик ва ёвузликка қарши туради. Олим сўзларига кўра, бу ғоялар ҳамма замонлар учун долзарбдир.

«Биз ал-Форобий ғояларини нафақат университетларда, балки мактаблар, мактабгача таълим муассасаларида ҳам умумтаълим жараёнига киритишимиз лозим бўлган фурсат етди. Ал-Форобий ғоялари ўрта асрлар мусулмон фалсафасининг бошқа вакиллариники каби бугунги кунда ҳам ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмаган», дейди Қирғиз давлат университети тарих профессори Назира Усупова.

Олимлар бир фикрда якдил: “Муаллими соний” фалсафаси ҳар ёқлама мукаммал. Чунки унинг хулосалари барчага тушунарли ва таниш. Шу боис ҳам ал-Форобий номи шу фанни ўрганувчилар рўйхатида энг муҳим шахслар қаторига қўйилган. Экспертлар фикрича, моҳияти инсонпарварлик бўлган борлиқни англаш илмига чуқур ҳавас ал-Форобийнинг илмий трактатлар яратишига туртки берган. Уларда инсон ҳаётининг моҳияти тўлалигича очиб берилган.

«Ал-Форобийнинг маънавиятли инсон ва унинг бахтига доир ғоялари аҳамиятли. Бу - одам бутун умри мобайнида эзгуликка интилиши лозимлиги ҳақидаги фикрлар. Фазилатли бўлиш нима ва мукаммал шахс ким? У қаерда ва қачон яшамасин, минг йил аввалми ё ҳозирми, маънавий қадриятлар ҳамиша бирдайлигича қолади», дейди тарих фанлари доктори Назира Қурбанова.

Дарвоқе, онлайн-анжуман доирасида Қирғизистон Миллий кутубхонаси Қозоғистоннинг шу давлатдаги элчихонаси ҳамкорлигида ал-Форобий асарларининг экспресс-кўргазмасини ҳам ташкил этди.

 

Фото: rudnyi-altai.kz