«Астана Опера» Пойтахт кунига «Абай» операсини тақдим этади

«Астана Опера» Пойтахт кунига «Абай» операсини тақдим этади

«Астана Опера» театри 6 июль - Пойтахт кунига бағишлаб, ўз веб-сайтида миллий классика дурдонаси – Мухтор Авезов либреттоси асосида Ахмет Жубанов ва Латиф Ҳамидий яратган “Абай” операсини намойиш этади.

Асардаги асосий партияни Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб, театр етакчи яккахони Талғат Мусабаев ижро этади. Машҳур баритон сўзларига кўра, намойиш учун “Абай” операси танлангани тасодиф эмас.

«Ушбу спектакль Астана Опера репертуарида марказий ўрин эгаллайди. Барчага маълумки, театр ушбу нодир асарни саҳналаштиргани учун Қозоғистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлган. Афсонавий опера нафақат биз, балки Қозоғистоннинг  бошқа опера театрлари афишасини ҳам тарк этмаслигидан жуда ҳурсандман. Бу йил биз Абай Қўнонбоев таваллудининг 175 йиллигини нишонлаймиз, айнан ушбу спектакль Пойтахт кунида намойиш этилиши рамзий маънога эга, деб ўйлайман. Биз барча томошабинларимизга, шу жумладан, театримиз намойишларини жуда фаол кузатиб борувчи чет элликларга  Қозоғистон маданияти ва санъати жуда юқори даражада ўз аксини топган ушбу спектаклни тақдим этишимиздан мамнунмиз», дейди Талғат Мусабаев. 

Унинг айтишича, Абай партияси унинг ижрочилари учун энг қийин ва қизиқарлидир.  

«Абай партияси баритон учун ёзилган қозоқ опералари репертуаридаги энг ёрқин ва намунали ролдир. Мен бу мураккаб ролни ижро этишни жуда яхши кўраман. Барча қозоғистонликлар қаторида мен учун ҳам Абай - буюк мутафаккир, шоир, файласуф. Инсонда бўлиши мумкин бўлган барча ижобий хислатлар бу қаҳрамон характерида акс этган, деб ҳисоблайман. Партияни ижро этиш жуда қийин - чунки ижрочи зиммасига ушбу образнинг бутун теранлигини кўрсатиш маъсулияти юкланади. Мусиқий жиҳатдан ҳам осон эмас, чунки партия лирик баритон учун эмас, балки жуда кучли баритон овоз учун ёзилган. Уни юқори даражада ижро этиш учун драматургия мусиқий компонент билан уйғунлашиши зарур. Ёшингиз улғайгани сайин мукаммалликнинг чегараси йўқлигини англай бошлайсиз ва саҳнада ҳар бир кўринишда қизиқарли бўёқларни топасиз, Абай матнини ўқиб, ўзингиз учун ўзгача маъноларни кашф этасиз», дея фикрини давом эттирди Талғат Мусабаев.

Хонанда барчани яқинлашиб келаётган Шаҳар куни билан табриклаб, барча қозоғистонликларни томошадан завқ олишга чорлади.

 

Фото: express-k.kz


×