Пойтахтда болалар ва ўсмирларга аталган янги театр очилади

Жорий йилда пойтахтда болалар ва ўсмирларга аталган янги театр очилиши режалаштирилган. Бу янгиликни «Театр мулоқоти» клуби тақдимотида Нур-Султон шаҳар Маданият бошқармаси бошлиғи маълум қилди. Маданият ўчоғи халқаро даражада иш юритаётган театрлар тажрибаси асосида иш юритади.

НУРЛАН СИДИҚОВ, НУР-СУЛТОН ШАҲРИ МАДАНИЯТ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ:

- Эътиборимизни тортган нарса, пойтахтда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлганлар учун Қўғирчоқ театри ишлаб турибди, аммо 7-8 ёшдан 14-16 ёшгача бўлганлар, ўсмирлар эҳтиёжини қондирадиган театр, афсуски, йўқ. Шу сабабли ҳозир ана шу муаммони ҳал қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки театрлар учун томошабин тайёрлайдиган даргоҳ керак. Масалан, Алматида иккита ёш томошабинлар театри бор. Шу каби маскан Нур-Султон шаҳрида ҳам очилиши зарур, деган ўйдамиз. Бироқ у бир қадар ўзгачароқ, замонавий, масалан, мюзикл шаклида бўлиши мумкин.

2020 йил пойтахт маданият бошқармасида «Театр йили» деб аталган. Шунинг учун бош кентда турли тадбирлар кўпроқ ўтказилиши режа қилинган. Шулардан бири «Саҳна тулпори» номли мукофот танлови. 10 та номинация бўйича тақдим этиладиган мазкур лойиҳа энг илғор ижодкорларни рағбатлантириш ва театр санъатини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган.

ТУРСИНБЕК ҚАБАТОВ, NOMAD CITY HALL ТЕАТРИ ДИРЕКТОРИ:

- Аввал халқаро, республика даражаси бўларди. Шаҳар мукофоти деганда, бир-биримизни мақтаб, қутлаб, ташаккурнома ва бошқа совғалар берилишини тушунамиз. Бу йилдан бошлаб Оскар мукофотидаги каби «Энг яхши актёр», «Энг яхши актриса», «Энг яхши иккинчи план актёри», «Энг яхши иккинчи план актрисаси», «Энг яхши режиссёр», «Энг яхши менежер», «Энг яхши либос, грим» тақдирланади. Бу тадбир 27 март куни «Номад сити холл»да Халқаро театр куни доирасида ўтади.

Фото: miloserdie.ru