«Астана Опера»да «Коппелия» асари премьераси

Ролан Петининг муҳаббат ва хиёнат қиссасини ҳикоя қилувчи «Коппелия» балети «Астана Опера» саҳнасида. Премьерага тайёргарликнинг охирги кунлари ўтмоқда. Балетда кам учрайдиган жанр – комедия муваффақияти учун раққосу раққосалар астойдил ҳаракат қиляпти. Уларнинг енгил ва эпчил рақслари хаёлни воқеалар оқими бўйлаб олиб кетади. Замонавий технологик ечимлар эса балет мазмунини тўлиқ тушунишга ёрдам беради.

АЛТИНАЙ АСИЛМУРАТОВА, «АСТАНА ОПЕРА» ТЕАТРИ БАЛЕТ ТРУППАСИ БАДИИЙ РАҲБАРИ:

- Ростини айтганда, кўп эмас, атиги уч ҳафта тайёрландик. Жуда қисқа вақт. Биласизми, ушбу балетнинг мураккаблиги нимада? Унда жуда кўп сеҳрли буюмлар, техник жиҳозлар бор. Шамлар ёниши, мўъжизакор дамлама буғланиши, қўғирчоқ ҳаракатланиши зарур. Шу каби майда ва муҳим нарсалар кўп, ҳаммаси кўнгилдагидек чиқишига умид қиламиз.

Аслида, «Астана Опера» театри балет труппаси ижросидаги «Коппелия»нинг асосий ўзига хослиги шундаки, Копелиус образини таниқли италиялик балетмейстер Луиджи Бонино ижро этади. У труппа билан бирга ишлаш учун бир ой аввал пойтахтимизга келган. Айни вақтда, постановкада Франц ролини Бахтияр Адамжан, Сванильда ролини Айгерим Бекетаева ижро этади.

АЙГЕРИМ БЕКЕТАЕВА, «АСТАНА ОПЕРА» ТЕАТРИ ЕТАКЧИ ЯККАХОНИ:

- Премьерада Луиджи билан бир саҳнада бўлиш – катта бахт, ундаги энергетика шу қадар жозибали, бажараётган ҳаракатларинг устида ўйлаб ҳам ўтирмайсан. Жуда қизиқарли саҳналар шаклланди, қаҳрамоним образига ўз нигоҳим билан қарашни, ўз талқинимда ижро этишни истайман. У жуда ёш ва эркатой, энг аввало, муҳаббатини, Францияни ва Капелиус билан бўлган можарони кўрсата олиши зарур. Энг мураккаб жиҳатлар шулардан иборат.

Қувонч ва қайғу ёнма-ён бўлган, саргузаштларга тўла постановка катталарда ҳам, болаларда ҳам чексиз таассурот қолдириши шубҳасиз. Премьера келаси дам олиш кунларига мўлжалланган.

Фото: Астана Опера