Нур-Султонда «New Music Generation-2019» халқаро танлови бошланди

Нур-Султон шаҳрида йирик анжуман иш бошлади. Қозоғистон пойтахтига жаҳоннинг 24 давлатидан 115 нафар бастакор йиғилди.

Улар «New Music Generation» танловида ўзаро куч синашади. Ижодий беллашув Қозоғистонда Ёшлар йили доирасида ўтказиляпти. Тадбирдан мақсад – классик ва замонавий академик мусиқани оммалаштириш ва ёш иқтидорли мусиқий асарлар муаллифларини қўллаб-қувватлаш. Танловда 35 ёшгача бўлган бастакорлар онлайн тартибда қатнашади. Улар 200 дан зиёд партитура тақдим этди. Бастакорлик санъатини Қозоғистон ва хорижий мамлакатларнинг обрўли мусиқачилари баҳолаб боради. Шунингдек, мазкур нуфузли танлов доирасида мастер-класслар режалаштирилган.

РАХАТ-БИ АБДИСАҒИН, ТАНЛОВ БАДИИЙ РАҲБАРИ:

- Бастакорларнинг ҳар қандай танлови – санъат дунёсидаги улкан воқеа ҳисобланади. Биз ташкил этган танлов нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон маданий ҳамжамиятида ҳам муҳим. Партитуралар билан танишиб, шунга амин бўлдимки, танловга келган ишларнинг бадиий даражаси жуда юқори, мазкур анжуман дунёдаги энг нуфузлилар қаторига киради, деб бемалол айта оламан.

МАРТАН ЛОРИДАН, ҳакамлар ҳайъати аъзоси /ФРАНЦИЯ/:

- Мазкур анжуман Қозоқ миллий санъат университети ва Нур-Султон шаҳрини халқаро танловлар харитасига киритди, деб ҳисоблайман. Чунки у шундай юксак даражадаги йирик воқеаларнинг биринчилари қаторидан муносиб ўрин олган. Танловда турли ёшдаги талабгорлар қатнаша олади. “Симфоник асар”, “Камер асар”, “Вокал асар” каби номинациялар бўлиши кўзда тутилган ва бу тадбирни бошқаларидан ажратиб туради.

Фото: gloss.ua