Қозоғистонлик ҳайкалтарош Шўқан Тўлешнинг «Олтин йўл» кўргазмаси

Қозоғистонлик ҳайкалтарош Шўқан Тўлешнинг «Олтин йўл» кўргазмаси

«Олтин йўл». Нур-Султонда таниқли қозоғистонлик ҳайкалтарош Шўқан Тўлеш кўргазмаси иш бошлади. Тадбир ижодкорнинг 65 йиллигига бағишланган. Экспозициядан 60 дан ортиқ асар жой олган. Улар орасида ҳайкалтарошнинг бронза, тош, ёғоч, алюминий ва кумушдан ишланган ўзига хос муаллифлик монументлари бор.

ШЎҚАН ТЎЛЕШ,  ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАССОМЛАР УЮШМАСИ АЪЗОСИ, КЎРГАЗМА МУАЛЛИФИ:

- Тадбир асосан аёллар, оналар, оила улуғларига бағишланган. Кираверишда маликалар туркумига оид “Малика”, “Малика-1”, “Малика-2”, “Дашт гўзали” ҳамда “Эрта тонг” асарлари қўйилган. “Эрта тонг” туркуми ҳам аёлларга бағишланган. Аёл қадди орқали саҳар вақтини тасвирлашга муваффақ бўлганман. Аёл қиёфаси орқали кўп нарсаларни бериш мумкин. “Кибор Астана” ҳам аёл шаклида, аёл қиёфаси орқали акс эттирилган.

Шўқан Тўлешнинг Шарқ ва Ғарб услубиятини боғловчи ўзига хос пластика тили бор. У ўз ишларида скиф ва кўҳна турк маданиятлари меросига мурожаат қилади, деб таъкидлайди унинг ҳамкасблари. Улар айтишича, онг, қалб ва руҳият уйғунлиги у яратган ҳайкалларнинг нозик чизгиларида сезилади.

БЎЛАТ МУХАМЕДИЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАССОМЛАР УЮШМАСИ АЪЗОСИ:

- Шўқан ўз ишларида, масалан, мана бу асари - “Мутафаккир”да асос сифатида одамни эмас, айтилган фикрни кўзда тутаётгандек туюлади менга. Мана бу пластика, шакллар шундан дарак. Шўқаннинг шу каби замонавий санъати, менинг фикримча, Қозоғистон ва МДҲ давлатларида беназир, у абстракт-сюжет-тафаккур маданияти йўналишида иш бошлаган, мана шундай нарсалар яратган  биринчи ижодкор.

Шўқан Тўлеш ижоди дунёга машҳур. Унинг ишлари кўп марта Швейцария, Россия, Буюк Британия, Мисрда намойиш қилинган. У яратган ҳайкалларнинг аксарияти бугунги кунда АҚШ, Сингапур, Бельгия, Италия, Австрия хусусий коллекциялари ҳамда галереяларида сақланади. Яқин келажакда муаллиф асарлари Франция ва Туркияда намойиш қилинади. Таъкидлаш жоизки, экспозиция бир ой давомида пойтахт аҳли ва меҳмонлари учун хизмат қилади.

Фото: Zakon.kz