Қозоғистонлик мусиқачилар Карнеги-Холлда концерт берди

Қозоғистонлик мусиқачилар Карнеги-Холлда концерт берди

АҚШда қозоғистонлик мусиқачилар гастрол тури давом этмоқда. Нью-Йоркдаги жаҳонга машҳур Карнеги-холл саҳнасида Қозоқ Миллий санъат университети, Евроосиё талабалар симфоник оркестри ижодий жамоалари, «Каприччи» скрипкачилар ва «Шабит» дўмбирачилар ансамбллари Америка санъатсеварларига «The Spirit of the Great Steppe» номли концерт дастурини тақдим этди. Тадбир биринчи қисмида мусиқачилар Тлес Кажғалиев, Сергей Прокофьев ва Рахат-Би Абдисағин асарларини ижро этди.

ПОЛ ЧЕСТЕР, МАНХЭТТЕН АҲЛИДАН:

- Концерт менга жуда ёқди. Бу ерда аввал ҳам қозоғистонлик мусиқачилар чиқишларини тинглаганман. Айниқса, оркестр яхши таассурот қолдирди. Иқтидорли ёш санъаткорлар буюк бастакорлар асарларини маҳорат билан ижро этди. Ажойиб мусиқачилар!

АННА АРЦИБАШЕВА, НЬЮ-ЙОРК ШАҲРИ АҲЛИДАН:

- Унутилмас дастур. Айниқса, дўмбира ижроси менда катта таассурот қолдирди. Шу вақтгача бундай ҳиссиётларни сезмаганман, мусиқа таъсирида аъло кайфиятда ўтирдим. Мусиқачиларни завқ билан кузатдим.

Томошабинларни, шунингдек, Қозоқ Миллий санъат университети биринчи курс талабаси, Халқаро танловлар иштирокчиси Жибек Мусурғалиева маҳорати жуда ҳайратлантирди. Ёш ижрочи Пабло Сарасатенинг «Наварра»сини ижро этди. Қозоғистонлик артистлар билан бирга исроиллик ажойиб скрипкачи Шломо Минц ва америкалик Самуэль Небью ҳам саҳнага чиқди.

ЭЛИЗАБЕТ БРАУН, БМТ АЁЛЛАР КЛУБИ ВАКИЛИ:

- Ажойиб  концерт! Ёш мусиқачилар санъати - мамлакатингизнинг улкан, бебаҳо бойлиги. Феноменал мусиқа! Қозоғистон маданияти бой ва ёрқин. Мен аввалроқ, тўғрироғи, бир йил аввал ҳам ушбу жамоа концертида бўлгандим. Ва унинг ўзига хос маҳоратидан ҳайратдаман.

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа таълим-ишлаб чиқариш амалиёти ва АҚШ етакчи санъат университетлари билан академик мобиллик дастури бўйича меморандумлар имзоланиши доирасида ташкил қилинди. Тадбир Қозоғистонда ўтаётган Ёшлар йили ва «Маънавий янгиланиш» дастурига бағишланди. Шуни ҳам айтиш керакки, қозоғистонлик талабаларнинг Америка турнеси давом этади.

Фото: Хабар 24