Ерулик – кўҳна қозоқ анъанаси

Ерулик – кўҳна қозоқ анъанаси

Қозоқ халқи анъана ва урф-одатлари илдизи узоқ ўтмишга тақалади. Улар жуда ўзига хос, ёрқин ва ранг-баранг. Бошқа Осиё халқларида бўлгани каби, қозоқларнинг кўпгина урф-одатлари меҳмондўстлик, асосий оилавий байрамлар билан боғланган. Масалан, Сирға салу, Қиз узату, Қирқини чиқариш, Қўнақкаде ва Ерулик каби анъаналар шулар сирасидан.

САРСЕНКУЛ ЗИЯВДИНОВА, ҚХА АЪЗОСИ:

- Ерулик – жуда қадимий анъана, янги уй олганлар, қўшниларни ўз уйига чақириб, меҳмон қилиш. Улар янги муҳитга мослашиши учун янги қўшни билан бирга унинг ҳамсоялари ҳам таклиф қилинган. Улар бир-бири билан мулоқотда бўлишига, дастлабки қийинчиликларни енгиб ўтишига, вақти келиб, дўстлашиши, аҳил қўшничилик алоқалари ўрнатилиши учун имкон яратилган. Мазкур анъана қозоқ халқининг ўзига хослигини, меҳмондўстлигини кўрсатади.

Қозоқ халқи урф-одатларида чуқур тарих ва маънавий принциплар ўз аксини топган. Масалан, "Сирға салу" одати қизлар учун энг муҳим ва ҳаяжонли урф-одатлардан бири. Бунда бўлажак қудалар ўртасида якуний шартнома тузилгани ва қиз мақоми ўзгаргани ифода этилган.

ЗУЛФИЯ МУХАНЗАЕВА, ҚХА АЪЗОСИ:

- Ушбу одат ҳақида қисқача айтсак, куёв томондан энг яқинлар совға-салом билан келин уйига келади ва келин яқинлари томонидан чиройли дастурхон ёзилиб, кутиб олинади. Бир томондан совчиликдек туюлади. Аслида бунда қиз унаштирилади, дейиш мумкин, тўйгача бўлган энг асосий тадбир саналади. Сўнг бўлажак келинга сирға тақамиз, бу тақинчоқ анъанага кўра қизнинг боши боғланганини билдиради.

Авлоддан авлодга кўчиб ўтаётган урф-одат, анъаналар сақланиб қолиши ҳар бир халқ маданиятининг узвий қисми ҳисобланади. Қозоқ халқида улар бир неча юз йиллар давомида шаклланиб келган, бугунги кунда эса мазкур бебаҳо бойликни оммалаштиришга катта эътибор бериляпти.

Фото: toibiznes.kz