Қозоғистонда миллий кино танлови ўтказилади

Қозоғистонда миллий кинони қўллаб-қувватлаш давлат маркази танлови учун буюртмалар қабул қилиш бошланди. Октябрь ойи давомида кинематографчилар ўз лойиҳаларини эксперт кенгаши эътиборига ҳавола қила олади. Жюри таркибига соҳа профессионаллари - сценарийчи, продюсер, режиссёр, дистрибьютор ва кино танқидчилари кирган. «Миллий фильм» унвонига халқаро фестивалларда иштирок этиш салоҳиятига эга муаллифлик картиналари ҳам, томошабинлар оммаси учун тижорат мақсадида яратилган бадиий ва анимацион фильмлар ҳам даъво қилиши мумкин. Эслатамиз, аввалроқ Киномарказ молиялаштириш учун 18 та фильмни саралаб олган.

ГУЛНАРА САРСЕНОВА, МИЛЛИЙ КИНОНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ДАВЛАТ МАРКАЗИ БОШҚАРУВИ РАИСИ:

- Мажбурий шарт: танловга тайёр сценарий, тайёр ижодий гуруҳ ва тайёр сметага эга кино ишлаб чиқарувчи компания келиши лозим. Аммо, масалан, янги одамлар, ёш кинематографчилар питчингда, қисқа метражли фильм билан танловда иштирок этишни истаса, улар учун “қисқа метр” ёки “дебют” тушунчасини киритамиз. Ёшларга ҳам албатта ёрдам берамиз. Улар продюсерлари билан бирга келишини истардим, чунки биз ажратган маблағларни молиялаштириш учун у жавоб беради, продюсер маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳам, биз билан мулоқотга ҳам, охирги маҳсулотга ҳам масъул.

Миллий кинони қўллаб-қувватлаш давлат маркази, шунингдек, ягона кинобилет тизимини жорий этиш ниятида. Бу эса фильм ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, дистрибьюторлар республикада кинопрокат аҳволи ҳақида маълумот олиши, бу жараённи онлайн режимда кузатиб бориши учун имконият яратади.

ГУЛНАРА САРСЕНОВА, МИЛЛИЙ КИНОНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ДАВЛАТ МАРКАЗИ БОШҚАРУВИ РАИСИ:

- Ҳар қандай кинозал кассаси орқали билет сотиб олиниши тўғрисидаги маълумот ягона ахборот марказига келиб тушади ва таҳлил қилинади. Мазкур маълумотлар асосида умумий «box office», бошқача қилиб айтганда, умумий даромад маълум бўлади. Бу маълумот келажакда кино ишлаб чиқувчиларга зарур, шунингдек, кинопрокатчиларга ҳам  янги фильмлар олиш, прокат қилишда ёрдамини беради. Масалан, Россияда 5 йилдан буён амалга оширилаётган аналитика фаолияти давлат кино саноати даромади 30 фоизга ошишига олиб келди.

Таъкидлаш жоизки, «ягона кинобилет» тизими келгуси йил жорий қилиниши режалаштирилган.

Фото: kazakhcinema.kz