Франция пойтахтида Қозоғистон киноси фестивали бўлиб ўтди

Франция пойтахтида Қозоғистон киноси фестивали бўлиб ўтди. Парижнинг синчков санъатсевар аҳли сўнгги йилларда энг юксак чўққиларга эришган мамлакатимиз фильмлари билан танишди. «Айка» драматик картинаси, «Қозоқ хонлиги» тарихий фильми, «Она сари йўл» мелодрамаси ва «Амре» фильми – улар қаторида. Францияда бу фильм «Париж қўшиғи» номи остида прокатга чиқди.

САНЖАР МАДИ, АКТЁР:

- Бу миссия мен учун жуда муҳим эди, номус миссияси дейиш мумкин, чунки Амрени ўрганишга умрини сарфлаган биограф Жарқин Шакарим вафот этган. У бир замонлар Амрени Париж кўришини, Амре Парижга қайтиб келишини орзу қилганди.

Қозоғистон фильмлари намойиш этилган Линкольн кинотеатри залларида бирор бўш ўрин қолмади, киролмаганлар ҳам кўп эди. Аммо фестиваль ташкилотчиси - Франциядаги Қозоғистон киноси ҳамжамияти асосий эътиборни маҳаллий кинопрокатчиларни жалб этишга қаратди. Фестиваль ўтган кунларда 120 дан ортиқ компания вакиллари уларни томоша қилди.

АНДРЭ ИВАНОВ, ФЕСТИВАЛЬ ТАШКИЛОТЧИСИ:

- Бизнинг амбициямиз фестивални албатта ўтказиш ва унга имкон қадар кўпроқ дистрибьютор ҳамда журналист жалб этиш, улар  эътиборини ҳали Европа кўрмаган фильмлар сифати ва турли-туманлигига жалб этиш эди. Бизда муаллифлик фильмлари Европадаги халқаро кинофестивалларда намойиш қилинади, улар фаол томошабинларни ўзларига жалб қилади.

Фестиваль ниҳоясида барча иштирокчи картиналар мукофот билан тақдирланди. Ташкилотчилар бундай воқеаларни ҳар йили ўтказиб туриш ниятида. Ва улар фестивалда фильмлар прокати билангина, шунингдек, Франция билангина чекланиб қолмайди. Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам махсус намойишлар ўтказиш режалаштирилган.

МЭРИАМ Д’АБО, АКТРИСА:

- Мен учун бу ерда бўлиш, мазкур фестивалда иштирок этиш, унинг илк ўтказилаётган йилида қўллаб-қувватлаш - шараф. Қозоғистон маданияти Францияга, Парижга кино орқали кириб келиши жуда ҳам мақбул иш.

Мазкур тадбир мамлакатимиз киносанъати харидорини топаётган экспорт маҳсулотига айланаётганини яна бир марта исботлади. Париж томошабинларининг  унга росмана қизиқиши эса бу фикрни тасдиқлади. Фестиваль меҳмонлари таъкидлашича, фильмлар қадимий тарихи, ўзига хос маданиятига эга, ёрқин келажаги бор Қозоғистонни намойиш этди.

Фото: tengrinews.kz