Замонавий қозоқ адабиёти инглиз тилига ўгирилди

Замонавий қозоқ адабиёти инглиз тилига ўгирилди

Машҳур Британия кутубхонасида инглиз тилига ўгирилган замонавий қозоқ адабиёти антологияси тақдимоти ўтказилди. Тўпламлар Кембриж университети нашриёти томонидан таржима қилиниб, нашр этилди. Қозоқ адабиётини таржима қилишда англиялик тажрибали таржимон ва адабий муҳаррирлар фаол иштирок этди.

ПИТЕР ФИЛЛИПС, «CAMBRIDGE UNIVERSITY PRESS» НАШРИЁТИ БОШ ДИРЕКТОРИ:

- Мен буни алоҳида муҳим лойиҳа, деб ҳисоблайман. Мамлакатингиз адабиёти тараққиётида янги саҳифа очиляпти. Ваҳоланки, кўплаб мамлакатлар буни уддалай олмайди. Биз одатдагидан фарқли лойиҳада иш юритяпмиз, деб ўйлайман.

КИРОН ДЕВАН, "БРИТАНИЯ КЕНГАШИ" БОШ ДИРЕКТОРИ:

- Британия кенгаши Бирлашган Қиролликнинг таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган ташкилоти. Биз мазкур лойиҳага эътибор ва эътироф билан қарадик, томонлар зарур одамлар билан боғланишига ёрдам кўрсатдик. Ғоялар, билимлар ва кашфиётлар айирбошлаш – биз ишонадиган асосий факторлардан.

Тўпламлар Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва бошқа ўнлаб инглиззабон мамлакатлардаги саккиз мингдан ортиқ кутубхона, университет ва илмий марказга етказиб берилади.

РИЧАРД КЮМБИС, ТАРЖИМОН:

- Мен Ҳаким ТарозийнингҚасос асарини таржима қилдим. Жуда серҳаракат, ўзига жалб этувчи ва фикри-зикрингизни қамраб олувчи роман. Ва мен уни биринчи марта қўлимга оларканман, бир ўқишда охирига етказдим.

АИДА БАЛАЕВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ЁРДАМЧИСИ, “МАЪНАВИЙ ЯНГИЛАНИШ” ДАСТУРИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ БЎЙИЧА МИЛЛИЙ КОМИССИЯ КОТИБИ:

- Энг асосий вазифа асарлар воситасида кенг аудиторияга чиқиш ва маданият, маиший ҳаёт, анъаналаримизни тақдим этиш. Шу тариқа, мамлакатимизни дунё таний бошлайди, оммалашади. Таъкидлаш жоиз, нашр устида энг яхши халқаро таржимонлар иш юритди. Айни вақтда, ўз таржимонлар гуруҳимиз шаклланди.

Шуни ҳам айтиш керакки, йил охиригача мазкур антология хитой, рус ва араб тилларида жамоатчиликка тақдим этилиши кутиляпти. Таъкидлаш лозим, замонавий қозоқ адабиёти намуналари тўпламлари “Қозоғистон маданияти глобал дунёда” лойиҳасига кўра БМТнинг 6 та расмий тилига таржима қилинмоқда. Бу лойиҳа Элбоши ташаббуси билан ишга тушган “Маънавий янгиланиш” дастурининг муҳим қисми ҳисобланади. Асосий мақсад – замонавий Қозоғистоннинг адабиёт, мусиқа ва тасвирий санъат, хореография, кино ва театр соҳасидаги ютуқларини дунёга тақдим этиш.

Фото: zakon.kz