«Тўмарис» фильми премьераси бўлиб ўтди

«Тўмарис» фильми премьераси бўлиб ўтди

Икки ярим йил аввал бу фильм шунчаки ғоя эди. Бугун эса тўла метражли картина шаклида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Саклар аёл йўлбошчиси ҳақидаги «Тўмарис» фильмида эрамиздан аввалги VI асрда юз берган воқеалар тўғрисида ҳикоя қилинади. Жажжи қизнинг маҳоратли жангчига айланиши, яқин инсонларидан айрилса-да, хоинлардан ўч олишга муваффақ бўлган, айни вақтда сак уруғларини бирлаштириб, Буюк Дашт афсонасига айланган подшоойим Тўмарис тақдири мазкур фильм асосини ташкил қилади. Ўз муҳаббати, халқ озодлиги учун у ўша даврдаги энг қонли урушда форслар подшоси Кир билан олишади. Картина сценарийси ёзилиш жараёнида тарих отаси Геродот асарларидан фойдаланилди. Олим-маслаҳатчилар мазкур лойиҳани рўёбга чиқаришда фаол иштирок этди.

АҚАН САТАЕВ, «ТЎМАРИС» ФИЛЬМИ ПОСТАНОВКАЧИ РЕЖИССЁРИ:

- Тарихчи-маслаҳатчимиз Алмас Ўрдабаев бўлди. Бош маслаҳатчисиз бир қадам ҳам қўймадик. Сценарий ёзилаётганда ҳам, суратга олиш жараёнида ҳам улар билан маслаҳатлашдик, ҳаммасини тарихий воқеаларга мувофиқ қилиб олдик. Тарихчи маслаҳатчиларимиз нафақат мен, балки костюм дизайнерлари, рассомлар, рассом-постановкачилар билан ҳам бирга ишлади. Менинг фикримча, улкан тарихий меҳнат амалга ошди.

ЕРКЕБУЛАН ДАЙИРОВ, АКТЁР:

- Мазкур ижодий ишимиз барча туркийзабон халқлар учун қизиқарли, деб ўйлайман. Элбоши қўллаб-қувватлаши, Мактублари туфайли халқимиз маънавияти, ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи тарихий киноларга катта эътибор бериляпти. Бундай қувонарли ташаббуслар давом этишига тилакдошман.

Ғоя муаллифи– Алия Назарбоева. Тарихий асар Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги топшириғига биноан суратга олинди.

Фото: esquire.kz