Пойтахтда “Вақт бўйлаб саёҳат” кўргазмаси очилди

 Пойтахтда “Вақт бўйлаб саёҳат” кўргазмаси очилди

Қадимий Буюк Даштга кўчиб ўтиш ва қозоқ ботирлари руҳиятини ҳис қилиш. Пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари ҳақиқий “Вақт бўйлаб саёҳат”га чиқиш имконига эга бўлди. Миллий музейда таниқли Қозоғистон рассоми Қалиулла Ахметжаннинг 70 ёши ва ижодий фаолиятининг 40 йиллигига бағишланган юбилей кўргазмаси ўтказиляпти. Мўйқалам устаси турли жанр ва техникада яратган 100 дан ортиқ турли-туман асарини кўргазмага қўйди. Улар устоз ижодининг турли паллаларини ўзида акс эттиради. Шу жумладан, тарихий китобларга иллюстрациялар, мультфильмларга эскизлар ва ҳатто қозоқ ботирлари қурол-аслаҳаларининг тарихий реконструкцияси ҳам бор.

КАРИНА БЕРКЕНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ МУЗЕЙ ЭКСКУРСОВОДИ:

- Қалиулла Ахметжан кўп йиллардан буён илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланади ва тарихга жиддий назар солиб, қозоқ қурол-аслаҳалари билан ишлаётган республикадаги ягона мутахассис ҳисобланади. Бу ерда унинг илмий ишлари ҳам қўйилган.

Қалиулла Ахметжаннинг ишлари ўзига хос техника асосида ишлаб чиқилган. Бу техника муаллиф томонидан кашф қилинган ва расмларни кўп қаватли ҳамда маълум нуқталарга киритиш орқали амалга оширилади. Натижада, картинага қанча масофадан ва қандай бурчак остида қараганингизга кўра, тасвирни турлича қабул қиласиз. Шу тариқа, мусаввир фикрича, олам гўзаллиги ва яшаш нафосатини тасвирлаш мумкин.

КАРИНА БЕРКЕНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ МУЗЕЙ ЭКСКУРСОВОДИ:

- Унда муар техникаси ҳам мавжуд, у мозаикага ўхшаб кетади. Барча картиналарда тарихнинг, “Қўзи Кўрпеш ва Баян Сулу” достони, сак даври элементлари, олтин тақинчоқларнинг турли парчаларини кўриш мумкин.

Қалиулла Ахметжан асарлари бугунги кунда Қозоғистон ва Россиянинг етакчи музейларида сақланяпти. Шунингдек, уларни Англия, АҚШ, Швеция, Покистон, Германия, Эрон ва Япония хусусий коллекцияларида учратиш мумкин.

Фото: egemen.kz