Қозоғистон-Корея стратегик ҳамкорлигига 10 йил тўлди

Қозоғистон-Корея стратегик ҳамкорлигига 10 йил тўлди

Қозоғистон ва Корея Республикаси жорий йилда стратегик ҳамкорликнинг 10 йиллигини нишонлайди. Юбилей сана муносабати билан Нур-Султон шаҳрида Сеул шаҳар анъанавий мусиқа оркестри концерти бўлиб ўтди.

Сеул оркестри илк бора мамлакатимиз саҳнасига икки йил муқаддам, Алмати шаҳрида чиққан. Мусиқачилар корейслар Қозоғистонда истиқомат қила бошлаганининг 80 йиллиги муносабати билан уюштирилган гала-концертда иштирок этган. Ўшанда ҳам, жорий йилдаги каби, томошабинлар хорижлик санъаткорларни олқишлар билан кутиб олган.

РАЙХАН МУСИНА, НУР-СУЛТОН ШАҲРИДАН:

- Корея биз учун дўст мамлакат ва ундаги анъаналар ҳам кўп жиҳатдан бизникига ўхшайди. Биз ҳамиша корейс маданияти билан боғлиқ бўлган концерт, кўргазмаларда иштирок этишга интиламиз. Корейс маданияти жуда қизиқарли, мен айни вақтда корейс маданият марказига ҳам бориб тураман. Ўйлайманки, мамлакатларимиз ўртасида жуда кўп умумийлик бор ва келажакда ҳамкорлик имкониятлари катта.

Бундан ташқари, бугунги кунда Жанубий Корея мамлакатимиз учун савдо-инвестициявий ва технологик ҳамкорлик нуқтаи назаридан муҳим 10 давлатдан бири ҳисобланади.

ДЭСИК КИМ, КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ФАВҚУЛОДДА ВА МУХТОР ЭЛЧИСИ:

- 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилгач, Қозоғистон ва Корея ўртасида барча соҳаларда муносабатлар фаол ривожланиб борди. Иқтисодиёт ҳам, сиёсат ҳам, маданият ҳам, бошқа соҳалар ҳам эътибордан четда қолмади. “Мусаффо шабада” янгиланган ҳамкорлик дастурида рақамлаштириш, 4-саноат инқилоби, тиббиёт, айти-технологиялар, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар ҳам кўзда тутилган. Шу каби тадбирлар туфайли қозоғистонликлар Корея ҳақида кўпроқ нарса ўрганади, маданиятимиз билан яқиндан танишади.

Таъкидлаш жоизки, Сеул шаҳар оркестри 1965 йилда ташкил топган. Ўтган давр мобайнида жаҳонга танилган ансамбль Европа ва Осиё мамлакатларида ўз санъатини икки мингдан кўпроқ марта намойиш этган. Бугунги кунда жамоа таркибида 40 нафар мусиқачи бор. Уларнинг мақсади – корейс анъанавий мусиқасини бутун дунёда оммалаштириш ва тарқатиш.

Фото: inform.kz