Қозоғистонлик кино усталари жаҳон бозорини забт этмоқчи

Қозоғистонлик кино усталари жаҳон бозорини забт этмоқчи

Қозоқ кинематографчилари тарихий лойиҳалар ёрдамида жаҳон бозорини эгаллашлари мумкин. Экспертлар айтишича, кўчманчилар тўғрисидаги картиналар мамлакатимиз киноси брендига айланиши зарур. Улар фикрига кўра, бу нарса шу кунларда ҳақиқий трендга айланган. Сўнгги 10 йил давомида Қозоғистон киносаноати мунтазам ўсиб боряпти. Агарда 2009 йилда бир йилда суратга олинган кинокартиналар сони ўнтага ҳам етмаган бўлса, сўнгги йилларда элликдан ортиқ. Фильмларнинг 85 фоизи кичик хусусий компанияларда суратга олинади. Шунинг учун соҳа вакиллари давлат буюртмасига кўра кўламдор фильмлар яратиш зарурлигини таъкидлайди.

АРМАН АСЕНОВ, ШАКЕН АЙМАНОВ НОМЛИ "ҚАЗАҚФИЛЬМ" ҲЖ ПРЕЗИДЕНТИ:

 - Менинг фикримча, тутиб туришимиз зарур марра кўчманчилар ҳаёти, тарихий фильмлар бўлиши керак. Жаҳон кино томошабинлари «юлдузлар» жанги, робокоплардан чарчай бошлади. Ҳамма табиийликни соғинди. Одамлар экран орқали жонли табиатни, отлар ҳидини, далалар ифорини ҳис этишни истайди. Бу нарсалар эса бизда етарлича бор. Ўйлайманки, шундай маҳсулотни биз яратишимиз керак.

Сўнгги йилларда «Қазақфильм» «Қозоқ хонлиги», «Жасур минг бола», «Мустафо Чўқай», «Болалигим осмони» каби қатор тарихий фильмларни суратга олди. Картиналар томошабин эътибори ва эътирофини қозонди. Яқин келажакда мазкур ташкилот олдида катта вазифалар турибди.

АРМАН АСЕНОВ, ШАКЕН АЙМАНОВ НОМЛИ "ҚАЗАҚФИЛЬМ" ҲЖ ПРЕЗИДЕНТИ:

 - «Кино тўғрисида»ги қонун қабул қилингач, бевосита молиявий маблағларни тарқатиш билан шуғулланадиган яна битта кинематография миллий маркази пайдо бўлди. «Қазақфильм» эса хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Менинг фикримча, Қозоғистон киносаноатини улкан поезд деб тасаввур қилиш мумкин, ундаги хусусий компаниялар вагонлар, «Қазақфильм» эса паровоз. Бу локомотив ҳаммасини юксакликка олиб чиқиши зарур.

Кино ўтмишни ҳам, келажакни ҳам ўзида акс эттирган маънавий-маданий ва мафкуравий дунё. Давр билан ҳамнафас ҳаракатланар экан, у мунтазам янгиланиб боради. Кино соҳасида мамлакатимизда иқтидорли мутахассислар меҳнат қилади. Миллий маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқиш учун эса бугунги кунда ишини биладиган профессионал продюсерлар керак.

САТИБАЛДИ НАРИМБЕТОВ, КИНОРЕЖИССЁР:

 - Бизда продюсерлик касби эндигина шаклланиб келяпти. Аммо бундай тузилмалар 1930 йилда Голливудда, 1940 йилларда Европада оёққа туриб олган. Продюсернинг иш ҳажми улкан. У ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларини қамраб ололадиган мутахассис бўлиши даркор.

Экспертлар фикрича, катта харажат талаб қиладиган тўламетражли тарихий кино даромад келтириши учун Қозоғистон сарҳадларидан ташқарига чиқа олиши зарур. Шу билан бирга, бугунги кунда халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам улкан истиқболлар очилмоқда.

Фото: qostanai.media