Япониялик талаба Қўрқит ота меросини ўрганмоқда

Япониялик талаба Қўрқит ота меросини ўрганмоқда

Марказий Осиё давлатлари маданий мероси хорижликларда катта қизиқиш уйғотади. 22 ёшли япон талабаси қозоқ тилини ўрганди ва афсонавий туркий ўланчи шоир Қўрқит ота ҳақида диплом иши ёзиш мақсадида Буюк Дашт мамлакатига келди. Қизил Ўрда вилоятида Токио чет тиллар университетининг 4-курс талабаси Такуро Оучи қўбиз яратувчиси музейида бўлди. У анчадан бери Қўрқит ота мемориал мажмуасидаги сирли ҳайкалчадан таралиб турадиган миллий соз товушини жонли тинглашни орзу қиларди.

ТАКУРО ОУЧИ, ТОКИО ЧЕТ ТИЛЛАР УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАСИ:

– Музейда худди тарихга тушиб қолгандай бўлдим, қадим даврларга оид ноёб экспонатларни кўрдим. Таассуротларим унутилмас, Қўрқит мажмуасида куй товушларини жонли тинглаганимда ичимда ҳаммаси ўзгариб кетди. Эндиги мақсадим – Қўрқитнинг ҳамма куйларини тинглаш.

Қўрқит маънавий мероси Марказий Осий ҳудудидаги барча халқлар учун муҳим аҳамиятга эга. Қадимий мутафаккир ҳақидаги маълумотлар қозоқ, туркман, қорақалпоқ ва ўғуз эпосларида учрайди. Вилоят марказида ёш япон тадқиқотчиси Қизил Ўрда давлат университети олимлари билан учрашди. Афсонавий шоир номи берилган олий ўқув юртида у кўпгина янги маълумотларга эга бўлди.

НУРБЎЛ АППАЗОВ, ҚЎРҚИТ ОТА НОМИДАГИ ҚДУ ПРОРЕКТОРИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ:

– Ўзини буюк туркий мутафаккир Қўрқит ота мавзусига бағишлаган япон талабасининг бу ерга келиши, ўйлайманки, бизнинг илмий алоқаларимиз келгусида давом этишига хизмат қилади. Жаноб Такурони Токио университетини битиргач, магистратурада юртимизда ўқишга таклиф қилдик. Келгусида ўз илмий тадқиқотларини айнан шу ерда ўтказади.

ТАЛҒАТ МАХАНОВ, ИЧКИ СИЁСАТ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ:

– Илгари япон талабалари технологияларга кўпроқ қизиқарди, ҳозирда улар диққати маънавий маданиятни ўрганишга қаратилган. Ўйлайманки, бундай тадқиқот ишлари янги методларни очиш ва жаҳон илм-фанини ўрганишда янги ёндашувларга замин яратади.

Такуронинг сўзларига кўра, қозоқ тилини у атиги бир йил ичида ўзлаштирган. Бундай хоҳиш унда «Алпомиш ботир» эпосини япон тилида ўқиб-ўрганганидан сўнг туғилган. Сўнг у қозоқ халқ адабиёти ва маданиятини ўрганди. Бу – Такуронинг Қозоғистонга иккинчи сафари. Келгусида ҳам у юртимиз билан маънавий ва илмий алоқаларни  сақлаб қолмоқчи.

Фото: kazislam.kz