Қозоқ миллий амалий санъатини ривожлантириш

Қозоқ миллий амалий санъатини ривожлантириш

Қозоқ миллий амалий санъатини ривожлантириш. Тадбиркор Тўлғанай Елекбаеванинг мақсади шундай. Бизнесвумен тилга олишича, қадимий анъаналарни сақлаб қолиш туфайли ҳар бир миллат ўзига хослигини ҳам асрайди. Миллий амалий санъатнинг нозик сирларини Тўлғанай болалигидан сингдириб борган. У Россияда, Алтайда туғилиб ўсган. Тарихий ватанига қайтгач, қозоқ нақшлари туширилган буюмлар ярата бошлади.

ТЎЛҒАНАЙ ЕЛЕКБАЕВА, ТАДБИРКОР:

 - Болалигимда ўтов ва унинг ичидаги шинамликни кўрганман. У мени сеҳрлаб қўйган, дейишим мумкин. Гўзаллиги  инсон маҳорати ва эстетик дидига боғлиқлигини кейин тушуниб етдим. Қозоқ орнаментларини чексиз дея оламан.  Бу нақшлар ҳунар эгасининг кўнгил оламини кенг очиб беради. Уларда ҳамиша сақланиб қоладиган пропорциялар, геометрия ва қонунийликлар мавжуд. 

Тўлғанай тадбиркорлик шунчаки ўз ишини очишдан иборат эмас, балки миллий маданиятни оммалаштириш учун катта имконият эканлигига ишонади. Халқдаги ранго-ранглик ва устанинг ўзига хослигини акс эттирган буюмлар ҳамиша одамларни ўзига тортиб келган. Ҳунарманд фикрича, бундай қозоқ буюмларига нафақат ўзимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам қизиқиш катта. Айниқса, уларни АҚШ, Европа ва ҳатто Африкадан келган туристлар харид қилишни ёқтиради. Тадбиркор хоним қозоқ миллий санъатининг жаҳон миқёсида танилишига хизмат қиляпти. Яқинда у Россиянинг Челябинск шаҳрига сафар қилди.

ТЎЛҒАНАЙ ЕЛЕКБАЕВА, ТАДБИРКОР:

 - Қанийди, шаҳар марказида ўтов шаклида ишланган савдо маркази бўлса, унда сайёҳлар айланиб юриши мумкин бўларди. Аввал уларни бўғирсоқлар билан кутиб олардик, кейин либослар намойиши,  миллий чолғу асбоблари. Мен ана шундай савдо маркази яратилишини орзу қиламан. Ҳар бир қозоғистонликнинг ўз ўтови бўлишини ва кўнглидагидек корхонаси ишлаб туришини тилайман.

Тадбиркорликни ривожлантиришга оид давлат дастурлари туфайли у пойтахтда туя жунидан пайпоқ тўқийдиган фабрика барпо этди. Кейинроқ айни шу ашёдан кўрпалар чиқара бошлади. Зеро, қозоқ халқи азалдан туя жунининг шифобахш хислатларини қадрлаб келган. Бугунги кунда ҳам унинг маҳсулотлари харидоргир. Тўлғанай Елекбаева ўзининг ёрқин маҳсулотлари билан «Олтин сифат», «Олтин ангишвона» каби миллий танловларда, «Буюк Дашт» миллий товар ишлаб чиқарувчилар кўргазмасида қатнашиб келади.