Қозоғистон ўқувчилари «Тулпор миниб, туғ кўтарган!» ифодали ўқиш танловига тайёрланмоқда

Қозоғистон ўқувчилари «Тулпор миниб, туғ кўтарган!» ифодали ўқиш танловига тайёрланмоқда

Улғайиб келаётган авлодга қозоқ халқининг бой этномаданий мероси орқали маънавий-маърифий тарбия бериш. Қозоғистон ўқувчилари «Тулпор миниб, туғ кўтарган!» ифодали ўқиш танловига тайёрланмоқда. Болалар «Қўбланди ботир» эпосини ёд олиш, унинг матнидаги архаизмлар маъносини тушунтириб бериш, қозоқ тили ва адабиёти мактаб дастурига мувофиқ саволларга жавоб беришлари зарур. Ёз авж палласига чиққанига қарамай, алматилик ўқувчилар келгуси беллашувга қизғин тайёргарлик кўришяпти. Ташкилотчилар айтишича, шеърий матнларни ёд олиш нутқ маданияти, ўқувчилар ёзма нутқи, саводхонлигига ижобий таъсир қилади. Бундан ташқари, улар ватанпарвар руҳда тарбия олади ва дунёқарашини кенгайтиради. 

ХАРИДА РАШИД, ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИСИ:

-  Эпосда Қўбланди қандай дунёга келгани, болалиги ва ёшлик даври батафсил ҳикоя қилинади. Ушбу асар хотирамизни ривожлантиради. Эпос туфайли тарихимизни ўрганамиз, бу эса ҳеч биримиз учун ортиқча бўлмаса керак.

Алмати вилоятида ушбу адабий беллашувда турли мактаблардан 1000 дан ортиқ ўқувчи ва 600 нафар атрофида ўқитувчи иштирок этиши маълум. Айни вақтда Қизил Ўрда вилоятида хоҳловчилар сони бундан ҳам кўп – иштирокчилар сони жами уч минг нафар ўқувчи ва 1500 педагог.

ЖАМБИЛ ТЛЕПОВ, «QAZAQ EPOS» РЕСПУБЛИКА ЖАМОАТ ЖАМҒАРМАСИ ХОДИМИ:

 - Республика бўйича 51 минг 328 ўқувчи ва 23 минг 138 ўқитувчи қатнашиш ниятини билдирган. Танловда жами беш минг олти юз йигирма битта мактаб вакили қатнашади. Шу кунларда барча беллашувга ҳозирлик кўряпти.

«Тулпор миниб, туғ кўтарган!» республика ифодали ўқиш танлови иккинчи марта амалга ошириляпти. Ўтган йили ўқувчилар “Алпомиш ботир” эпосини ёддан ўқиган. Бу йил эса бир юз ўттиз икки саҳифали “Қўбланди ботир”ни ёд олади. Айтиш лозим, мазкур достоннинг 29 варианти бор, аммо ташкилотчилар Марабай жираудан олинганини мақбул кўришди. Танлов 6-10 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади.

СЕРИК СЕИТМАМИТ, ТАНЛОВНИНГ РАСМИЙ ВАКИЛИ:

 - Ёзги дам олиш вақтида ўтиши режалаштирилган танлов ўқув йили бошига сурилиб кетди. Ўтган ўқув йилида бешинчи синфда бўлган болалар энди олтинчи синфда. Шу боис “улар танловда қатнаша оладими?” деган савол туғилади. Ҳа, бу болалар танловда албатта қатнашади. 11-синфга ўтган болалар ҳам танловда иштирок этиши мумкин. Тўққизинчи синфдан кейин коллежда ўқий бошлаганлар буюртмаси ҳам ҳақиқий ҳисобланади.

Барча танлов иштирокчилари ҳақидаги маълумотни Qazaq-epos.com сайтида кўриш мумкин. Минтақа ғолиблари 1 миллион тенге миқдорида пул мукофотига эга бўлади. Йил ниҳоясида Нур-Султон шаҳрида улар иштирокида байрам гала-концерти ташкил қилинади.  

Фото: Хабар 24