Қозоғистонлик пианиночи Лондон санъатсеварларини лол қолдирди

Қозоғистонлик пианиночи Лондон санъатсеварларини лол қолдирди

Қозоғистонлик пианиночи Лондон санъатсеварларини лол қолдирди. Нургул Нусипжанова яккахон концертида Александр Скрябиннинг «2-соната-фантазияси», Пётр Чайковскийнинг «Думка» каби жаҳонга машҳур композицияларини ижро этди. Шунингдек, у қозоғистонлик бастакорлар асарларини ҳам эътибордан четда қолдирмади. Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбир Қозоғистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан ташкил этилган.

Пианиночи мусиқачилар оиласида дунёга келди. Отаси Нурғали Нусипжанов – таниқли хонанда, Қозоғистон Республикаси халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, онаси – мусиқа ўқитувчиси. Нургул Алмати шаҳридаги иқтидорли болалар Республика ихтисослашган мусиқа мактабини тамомлаган. Халқаро танловларда кўплаб муваффақиятларга эришган санъаткор Нью-Йоркдаги Карнеги-холлда санъатини намойиш этиш имконига эга бўлган кам сонли қозоғистонликлардан бири.

НУРГУЛ НУСИПЖАНОВА, МУСИҚАЧИ:

-  Томошабинни қозоқ қўшиқларини ўзига хос қайта ишлаш маҳсуллари билан таништиришни истагандим. Чунки уларни фақат аутентик халқ мусиқа асбобларида эмас, классик асбобларда ҳам ижро этиш мумкин. Кимдир бунга қизиқаётган бўлса – ноталаримни тақдим эта оламан. Халқимиз мусиқаси жуда чиройли, уни шунчаки тинглаш имконсиз.

Мусиқий шедеврларни тинглаш учун кўплаб томошабинлар ташриф буюрди. Қозоғистондан тақдим этилган мусиқий совғани улар муносиб баҳолади ва келгусида қозоғистонлик санъаткорлар концертига тез-тез келиб туришни ваъда қилди.

ЛОУРЕНС ШЕРВИН, ТОМОШАБИН:

-  Биз тўрт нафар қозоқ бастакори асарларини тингладик, шарқ манзаралари кўз олдимизда гавдаланди: дашт, гуллар ва тоғлар. Булар барчаси куй шаклида берилди. Жуда илҳомбахш ва чиройли оҳанглар.

СКОТТ ЯН, ТОМОШАБИН:

 - Жуда ажойиб, Нургул жуда иқтидорли. У техник жиҳатдан тажрибали бўлиши билан бирга ҳис-туйғуларини юқтира олади, бу эса, менимча, муҳим. Ҳақиқатан у жуда қобилиятли, теран мусиқачи.

Таъкидлаш жоиз, Нургул Нусипжанова Лондонда илк бора санъатини намойиш этди. Шу кунларда мусиқачининг режалари мўл. Пианиночи келгусида ижод ва ўз-ўзини такомиллаштириш билан шуғулланмоқчи. У келгусида янада кўпроқ одамлар Қозоғистон ҳақида, фортепиано мактаби ҳамда Буюк Дашт оҳангларини ўргана бошлашига умид қилади.

Фото: mfa.gov.kz