Муз устида шоу: «Дениснинг дўстлари»

Муз устида шоу: «Дениснинг дўстлари»

20 июль куни Алмати шаҳрида Олимпиада ўйинлари бронза медали соҳиби Денис Тен хотирасига бағишланган муз устида шоу ўтказилади. Унинг улкан воқеага айланиши кутилмоқда. Фигурали учиш спорти бўйича жаҳондаги энг ёрқин юлдузлар Денисни хотирлаш, ушбу спорт мухлисларига ажойиб номерлар кўрсатиш, унинг нақадар гўзаллигини намойиш этиш учун жам бўлади. Буюк спортчи умри мобайнида айнан шу йўналишда ишлаган.

РЕНАТ ГАЙСИН, БАСТАКОР:

 - Бу шоу – Дениснинг турли мамлакатдаги дўстлари унинг она шаҳрига келгани ҳақида бўлади. Улар орасида жаҳонга таниқли, афсоналар, ёшлар бор. Денис асарлари ижро этилиши шоуга ўзгача руҳ киритади. Унинг иккинчи қисми, Дениснинг барча шоулари каби, жонли мусиқа билан бирга янграйди. Томошабин бу чиқишларни томоша қиларкан, Денис биз билан ҳамнафаслиги, муз устида, орамизда юрганини ҳис этишини истардим.

Биринчи бўлимнинг дастлабки саккиз номерини таниқли спортчилар Денис композициялари билан ижро этади. Россиядан келган Игорь Ерёменко ва Софья Шевченко Шостакович мусиқаси остида эркин дастур намойиш қилишади. Айнан шу мусиқа остида Денис Тен Сочи Олимпиадасида бронза медалга сазовор бўлган.

ЕЛЕНА РАДИОНОВА, АЁЛЛАР ЁЛҒИЗ УЧИШИ БЎЙИЧА ЁШЛАР ЎРТАСИДА ИККИ КАРРА ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ:

 - Мен Денис 2014 йилда муз устига чиққан мусиқа остида санъатимни кўрсатаман. Бу – унинг Гран-придаги кўргазмали чиқиши эди. Ва мен айнан шу мусиқа остида чиқаман. Мусиқа «Mi Mancherai» деб аталади. Самимий, теран мусиқа, унинг садолари остида учиш менга ёқади. Азиз дўстлар, 20 июль куни «Денис ва унинг дўстлари» деб аталган муз устида шоуга таклиф қиламан. Денис ҳамиша менинг хотирамда бўлади. Биз сизни кутамиз.

Денис Тен жуда қобилиятли ва ижодкор инсон эди. У муз устида ўз санъатини кўрсатиш билан бирга мусиқа, шеър ва қўшиқлар ёзарди. Айтиш жоизки, муз устидаги шоу унинг ижросидаги муаллифлик композицияси билан бошланади.

Фото: azattyq.org