Нур-Султон шаҳрида илк марта «Korpe Fest» қуроқ тикиш фестивали ташкил қилинди

Нур-Султон шаҳрида илк марта «Korpe Fest» қуроқ тикиш фестивали ташкил қилинди

Нур-Султон шаҳрида илк марта «Korpe Fest» қуроқ тикиш фестивали ташкил қилинди. Миллий ёстиқ ва кўрпалар тикиш бўйича ўз маҳоратини намойиш қилиш учун мамлакатнинг турли бурчакларидан юзлаб чеварлар жам бўлди. Улар мамлакатимизда таниқли этно-дизайнер Ирза Турсинзоданинг махсус дарс олди.

ИРЗА ТУРСИНЗОДА, ЭТНО-ДИЗАЙНЕР,  ФЕСТИВАЛЬ ТАШКИЛОТЧИСИ:

 - Қадимий ҳунар, азалий анъаналарни тиклаш орқали биз Буюк Дашт аёлининг асл қиёфасини тиклай оламиз. Мен йил ўтган сайин аёлларимиз ўзгараётгани, уларнинг тобора оқила, вазмин, сабрли бўлиб бораётганини кўраман. Зеро, қозоқ аёли аслида шундай бўлгани сир эмас. Ҳунармандлар қадимий маданиятни сақлаб келяпти, туб илдизимиз бўлган маданиятни асраб келяпти.

Қуроқ тикиш ҳунари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бугунги кунда у такрор тикланиб, тобора оммалашиб боряпти. Бундан ташқари, амалий санъатнинг мазкур тури баъзи чеварлар учун шунчаки бўш вақтдаги қизиқиш эмас, етарлича даромад келтирувчи ва истиқболли бизнес турига айланмоқда.

ГУЛИМ ЕРЖАНОВА,  ЧЕВАР:

 - Ҳар сафар бир-биримизнинг ишларимизни кўриб, “қўл билан нималар қилиш мумкин-а”, деб ҳайратланамиз. Мен унга қизиқиб кетганман, чунки уни болалигимдан кўрганман. Бувиларим, катта бувиларим ҳам шу иш билан шуғулланган. Кейинроқ бир қанча вақт буни унутгандек бўлдик, аммо эндиликда уларни тиклашимиз, фарзандларимиз, невараларимизга ўргатишда давом этишимиз керак, деб ҳисоблайман. Нима учун? Чунки шу тариқа биз ўз қўлимиз билан Қозоғистоннинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшамиз. Биз бу кўникмаларни сақлаб қолишимиз ва бошқаларга етказишимиз зарур. Асрдан-асрга ўтиб бориши учун.

ЗИУАР ЖУМАНОВА, ЧЕВАР:

-  Ниҳоят, Ирза Турсинзоданинг маҳорат дарсини кузатиш орзуим рўёбга чиқди. Мен кўп йиллардан буён унинг фаолиятини инстаграмда кузатиб бораман. У Ақтауда, Манғистауда кўп болали оналарни ўқитиш билан шуғулланганди. Бугун шу фестивалда иштирок этаётганимдан бахтлиман ва анжуман давомли бўлишига умид қиламан.

Фестиваль доирасида кўп фарзандли аёллар учун тикиш ва амалий санъат бўйича бепул таълим курси дарслари ҳамда турли усталар ясаган қозоқ халқ ҳунармандчилиги буюмлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Фото: bnews.kz