Алмати вилоятида “Қимизмуриндиқ” миллий байрами бўлиб ўтди

Алмати вилоятида “Қимизмуриндиқ” миллий байрами бўлиб ўтди

Қимиз азалдан қозоқларнинг севимли ичимлиги. Халқ уни нафақат таъми ва озуқавий қиймати учун, балки шифобахшлиги боис ҳам қадрлайди. Қозоғистонда ҳатто “Қимизмуриндиқ” деб номланган миллий байрам мавжуд. Тарихи бир неча юз йилликка бориб тақалади. Бия соғиш мавсуми бу йил Алмати вилоятида кенг нишонланди. Чиройли яйловларнинг бирида ўтов-шаҳарча ташкил этилиб, меҳмонлар қимиз  билан кутиб олинди. Ичимлик таъмини татиш учун шаҳарчага келганларнинг сон-саноғи йўқ.

“Қимизмуриндиқ” байрами анъаналаридан бири тўкин дастурхон ҳисобланади. Истаган одам шифобахш, куч-қувват, қувонч ва узоқ умр ато этувчи ичимликдан татиб кўриб, турли қозоқ миллий таомларини тановул қилиши мумкин. 

МАКЕН НУРБАЙҚИЗИ,  ТЕКЕЛИ ШАҲРИ АҲЛИДАН:

 - Байрамда дастурхоннинг асосий безаги албатта қимиз, лекин бошқа анъанавий таомларсиз ҳам бўлмайди – пишлоқ ва қурут каби.  

Тадбир давомида миллий анъана ва урф-одатлар намойиш қилинди. Масалан, эркаклар отни бўйсундириш бўйича беллашди. Мусобақа жуда мураккаб бўлиб, иштирокчидан тажриба ва маҳорат талаб қилади. Бу борада 70 ёшли Қурмет Ақан ўғли меҳмонларни лол қолдирди. Ёшига қарамасдан энг асов тулпорни ўзига бўйсундира олди. Шу билан бирга, оқсоқол моҳир уста ҳам экан.

ҚУРМЕТ АКАН ЎҒЛИ, ҲУНАРМАНД:

 - Дастаси архар ёки эчки шохидан бўлган пичоқ тайёрлайман. Пичоқ ўткир бўлишига алоҳида эътибор қаратаман.

Миллий спорт мусобақалари билан тадбир янада қизғин тус олди. Энг кучли атлетлар ўз маҳоратларини аудариспақ ва кўкпарда намойиш қилди.