Қозоғистон пойтахтида «Кўчманчилар дунёси» IV этнофестивали иш бошлайди

Қозоғистон пойтахтида «Кўчманчилар дунёси» IV этнофестивали иш бошлайди

28 июнь куни Қозоғистон пойтахтида «Кўчманчилар дунёси» тўртинчи этнофестивали иш бошлайди. Уч кун давомида шаҳар аҳли ва меҳмонлари қозоқлар ҳамда бошқа туркий халқларнинг бой мероси билан таниша олади.

ТИМУР ДУЙСЕНҒАЛИЕВ, «ҚОЗОҚ ТУРИЗМ» МИЛЛИЙ КОМПАНИЯСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Мазкур фестивалдан асосий мақсад – кўчманчи маданият, халқимизнинг урф-одат, анъаналари билан қизиқувчи туристларни жалб этишдан иборат. Олдимизга қўйилган аниқ вазифа мана шундай тадбирлар воситасида ёз кунлари пойтахтимизга ташриф буюрадиган хорижлик ва маҳаллий туристлар сонини оширишдан иборат.

Фестивалда 10 мамлакат – Озарбайжон, Туркия, Болгария, Эрон, Жанубий Корея, Россия, Монголия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон жамоалари иштирок этишади. Анжуман давомида кўргазмали отлиқ чиқишлар, ботирлар, кўкпарчи, камончи ва бургутчилар беллашуви намойиш этилади.

ТИМУР ДУЙСЕНҒАЛИЕВ, “ҚОЗОҚ ТУРИЗМ” МИЛЛИЙ КОМПАНИЯСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

-  Олдимизга қўйилган вазифалардан бири – қозоғистонликлар, биринчи навбатда, ёшлар орасида азалий анъана ва урф-одатларни, шу қаторда, қадимий турк жанговар санъатини оммалаштиришдан иборат. Ташрифи кутилаётган жамоалар буни йўлга қўйишда, оммалаштириш ва қизиқарли хоббига айлантиришда кўпларга намуна бўла олади.

Анжуман доирасида, наматдан турли буюмлар ясаш, терига ишлов бериш, кумуш ва тупроқ билан ишлаш  каби ўнлаб маҳорат дарслари ўтказилади. Саклар, ҳуннлар, қангуйлар, скифлар ва сарматлар даврига оид костюмли саҳна кўринишлари ҳам дастурдан ўрин олган. Ўтов ва чодирларда эса миллий ичимлик ва таомлар улашилади.