Москвада «Буюк Дашт олтини» кўргазмаси бўлиб ўтди

Москвада «Буюк Дашт олтини» кўргазмаси бўлиб ўтди

Қозоғистонлик археологларнинг янги топилмаларини Москвада ўтаётган «Буюк Дашт олтини» кўргазмасида намойиш этишмоқда. Унда тақинчоқлар, қуроллар ва маиший буюмлар коллекцияси тўпланган. Буларнинг барчаси Шарқий Қозоғистон вилоятидаги Шиликти, Берел, Елеке Сази қўрғонларидан топилган. Ушбу мозорлар ўрнашган жойни археологлар «Подшоларнинг Берел водийси», деб аташади. Мазкур топилмалар икки ярим минг йил муқаддам қозоқ даштида яшаган кўчманчилар маданиятига ойдинлик киритади.

АНАТОЛИЙ КАНТОРОВИЧ, МОСКВА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ АРХЕОЛОГИЯ КАФЕДРАСИ МУДИРИ:

-  Бу ёдгорликлар Шарқий Қозоғистон ҳудудида яшаган халқлар маданиятининг қадимий илдизларини кўрсатади, бу маданиятнинг жуда чуқур эстетик инъикосини намойиш этади. Бу ёдгорликларнинг қиймати жуда юқори, ҳатто бебаҳо. Улар бутун инсоният маданиятини бойитади ва ҳам тарихий, ҳам эстетик жиҳатдан улкан қизиқиш уйғотади.

Россияда бу артефактларни кўришни кўпдан буён орзу қилишганди. Кўргазманинг асосий экспонатлари қаторида 2003 йилда Шиликтида топилган ва қайта тикланган «Олтин одам» ҳам бор. У Елеке Сази қўрғонидан топилган. Экспертларнинг фикрича, ушбу топилма Қозоғистон тарихидаги улкан қатламни очиб беради. Аслзода аскарнинг либослари нозик олтин иплар ва безаклар билан тикиб чиқилган. Қадимий усталарнинг ўта аниқ иши, олимларнинг фикрича, ўша замонларда мавжуд бўлган, юксак ривожланган маданиятдан дарак беради.

АБДЕШ ТЎЛЕУБАЕВ, АРХЕОЛОГ:

-  Бу бўлакчаларни бир-бирига улаш учун қўлингизда 1050-1100 даражагача қиздирилган кичкина игна ўлчамидаги кавшарлагичлар зарур. Бу эса Қозоғистон металлурглари 2800 йил муқаддам микрокавшарлаш усулларини билишганидан далолат беради.

Байрамона жабдуқларига ўралган Берель отининг реконструкция қилинган кўриниши кўргазмада кўпчиликнинг эътиборини тортди. Шунга ўхшаш образлар ва сюжетларнинг мазкур даврга оид тақинчоқларда мавжудлиги Тарбағатайдан Олотойгача бўлган кўчманчиларнинг маъанви жиҳатдан бир-бирига жуда ўхшаш бўлганини кўрсатади. Турк олами дунёга келган минтақа нафақат қозоқлар, балки бошқа Евроосиё халқлари тарихи учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

ИМАНҒАЛИ ТАСМАҒАМБЕТОВ, ҚОЗОҒИСТОННИНГ РОССИЯДАГИ ЭЛЧИСИ:

 - Экспозиция балки у қадар улкан эмасдир, аммо унинг аҳамияти беқиёс. Ва бу топилмалар энг аввало Евроосиё кенгликларида, аввало Қозоғистон ҳудудида минг йиллар мобайнида шаклланган бой тарихий-маданий меросдан далолат беради. Шарқий Қозоғистон вилоятининг Берель қўрғонларидан топилиб, тақдим этилган артефактлар бебаҳо.

ИРИНА ВЕЛИКАНОВА, РОССИЯНИНГ ЗАМОНАВИЙ ТАРИХИ МУЗЕЙИ БОШ ДИРЕКТОРИ:

 - Ушбу беназир топилмалар асллигига шубҳа йўқ, уларнинг Қозоғистон заминида топилгани эса ушбу мамлакатда археология юксак ривожланганлигини ҳам намойиш қилади. Археологлар ва реставраторларнинг заҳматли меҳнати туфайли москваликлар ва пойтахт меҳмонлари даштлар ҳукмдори бўлган саклар маданиятининг бебаҳо ёдгорликларини томоша қила оладилар.

Ушбу нодир археологик топилмаларни Москва шаҳрида 24 мартгача томоша қилиш мумкин. Аммо ташкилотчиларнинг айтишича, санъатсеварлардаги қизиқиш улканлиги боис бу муддат яна бир оз чўзилиши ҳам мумкин.

Фото: liter.kz