“Астана Опера”да мусиқий санъат дурдоналари янграяпти

“Астана Опера”да мусиқий санъат дурдоналари янграяпти

“Астана Опера”да мусиқий санъат дурдоналари янграяпти. Жаҳон тингловчиларининг севимли солистлари Мария Мудряк ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Медет Шотабаев симфоник оркестр жўрлигида абадий барҳаёт асарларни ижро этишди. Кечада жаҳонга машҳур бельгиялик дирижёр Илья Машкевич раҳбарлик қилди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, махсус таклиф этилган маэстро илк бор Қозоғистон саҳнасига чиқди. Унинг ўзига хос иқтидорини Россия, Япония, Франция, Германия каби давлатларнинг санъатсеварлари олқишлаган. Маҳаллий томошабинлар чехиялик буюк санъаткор Антонин Дворжакнинг 9-симфониясини тинглашди. Талантли дирижёрнинг айтишича, кўпчиликка манзур бу асар жаҳон саҳналарида тез-тез қўйилади. У аввало жўшқинлиги билан ром этади.

ИЛЬЯ МАШКЕВИЧ, ДИРИЖЕР /БЕЛЬГИЯ/:

-  Мен бастакор ўйлаган нарсани ўзим тушунганимдек ҳаётга татбиқ этишга интиламан. Шунчаки ноталарга киритилганини чалиб қўя қолмасдан, партитурадан ташқари ҳам нималарнидир кўришга интиламан. Анъаналар абадий, аммо ҳамиша нимадир олиб кириш мумкин.

Келгуси йил Қозоғистон операси жавоҳирига айланган Мария Мудряк 25 ёшга тўлади. Иш графигидаги тиғизликка қарамай, жаҳон юлдузи ватандошлари билан учрашишга интилади. 19 апрель куни “Астана Опера”да у Пуччинининг “Богема” операсини тақдим этади. Айни вақтда Россия ва Ливандаги етакчи театрлар саҳнасида чиқади.

МАРИЯ МУДРЯК, «АСТАНА ОПЕРА» СОЛИСТИ:

 - Мен ўтмиш, бугун ва келажакни туташтирмоқчиман. Дон Паскуаленинг операси – ўтмишим, шу йил Австралияда тақдим этиладиган “Фауст” операси – бугуним, Леоноранинг “Трубадур”и эса – келажагим.  Мен бу персонажларнинг барчасини жуда яхши кўраман, зеро, менинг назаримда, ўзинг севмаган опера ва ролни кўнгилдагидек ижро этиш амримаҳол.

Фото: inform.kz