Нью-Йоркда илк бора «Номад» номи остида қозоғистонликлар клуби очилди

Нью-Йоркда илк бора «Номад» номи остида қозоғистонликлар клуби очилди

 

Нью-Йорк университетида илк бора «Номад» номи остида қозоғистонликлар клуби очилди. Бу ерда Буюк Дашт мамлакати санъати, маданияти ва анъаналари оммага таништирилади.

ДАРХАН МУНАЙТБАСОВ, БЎЛАШАҚ” ТАЛАБАСИ, КЛУБ ПРЕЗИДЕНТИ:

 - Биз юртидан узоқда бўлган қозоғистонлик талабалар ўзларини уйларида юргандек ҳис эта олиши учун «Номад» клубини очдик. Шу билан бирга, бизнинг ҳамюрт талабалар бошқа давлатлардан келган талабаларга ўз маданияти, анъана, урф-одатларини кўрсата олади. Шунингдек, улар келгусида Қозоғистонга бориши, давлатимиз ҳақида кўпроқ нарса ўрганиши учун ҳам. Шу шаклда биз туризмни ҳам ривожлантириш нпятидамиз.

«Қамажай» рақси барча томошабинлар эътиборини тортди. Улар мусиқа оҳангига мос равишда нафис ҳаракатланаётган қизни диққат билан кузатишди. Дўмбира оҳанги клуб муҳитини янада тўлдирди. Оқшом меҳмонлари ўзлари учун янгилик бўлган мусиқа асбобини яхшироқ таниб олишди. Нью-Йорк университетидаги янги клубга бизнинг дипломатлар ҳам эътибор қаратишди. Улар мазкур майдончадан Қозоғистон маданий лойиҳаларини тарғиб этишда фойдаланишни таклиф қилди.

ЖАНИБЕК АБДРАШЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ НЬЮ-ЙОРКДАГИ БОШ КОНСУЛИ:

 - Талабаларимиз, бир гуруҳ йигит-қизни тўплаб, мазкур клубни ташкил қила олган Дархан ва Айнур Марказий Осиё минтақасини тақдим этишади. Бу эса турли соҳалар, шу жумладан, туризм салоҳиятини ривожлантиради. Чунки минтақамизга қизиқиш катта. Университет базасида барпо этилган бундай ташкилот унинг инфратузилмаларидан фойдаланиб, Қозоғистонга оид турли-туман тадбирлар ўтказишга имкон беради, деб ўйлайман.

Нью-Йорк университети “Номад” клубига қозоқ тилини ўрганиш учун аудитория ажратиб берди. Ушбу курсларга қатнаш истагини билдираётганлар орасида фарзандлари билан келиб, олис Марказий Осиёдаги янги давлат, унинг тили ва маданиятини кашф этаётган кўплаб америкаликлар бор.

ГАБРИЕЛ МЕНДЕС, ВЕНЕСУЭЛАЛИК ТАЛАБА:

 - Мен Венесуэладанман. Ўзига хос мамлакатни кўрсата олган қозоғистонликларга энг илиқ тилакларимни билдираман. Маданиятингиз, анъаналарингиз ҳақида кам билардим. Ажойиб! Менимча, биз баҳамжиҳат бўлишимиз зарур.

ФИЛ ОПАОЛА, ТАЛАБА:

 - Қозоғистоннинг «Номад» клуби очилиши ажойиб иш бўлди. Қозоғистон маданиятининг турли қирраларини ва қозоғистонликларнинг ўз ватани билан нақадар фахрланишини билдим.

НОМУНБИЛЕГ СУХБОЛД, МОНГОЛИЯЛИК ТАЛАБА:

 - Бу тадбир жуда қизиқарли. Унда Қозоғистон маданияти, миллий таомлари ҳақида кўп нарса ўрганиш мумкин. Келажакда бундай тадбирлар кўпроқ бўлишини истардим.

Қозоғистонлик талабаларнинг айтишича, клуб очилиши – тарихий воқеа. Айнан Ёшлар йилида бу воқеа юз бергани рамзий маънога эга, дейди улар.

Фото: 24.kz