“Қозоғистоннинг 100 янги номи”: Анвара Садиқова

“Қозоғистоннинг 100 янги номи”: Анвара Садиқова

Санъатнинг барҳаёт қуввати. “Қозоғистоннинг 100 янги номи” лойиҳаси ғолиби Анвара Садиқова айнан шунга ишонади. Хореографнинг сўзларига кўра, ахборот ва рақамли технологиялар асрида ҳам маънавий баркамоллик замонавий инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Анвара Садиқова ўз ижоди орқали қозоқ халқининг азалий миллий-рақс санъатини эл ичида оммалаштиришга интилаяпти.

Бугунги кунда Анвара Садиқова Қозоқ миллий хореография академиясида дарс беради. Қиз санъат оламига тасодифан кириб қолмаганига ишонади.

АНВАРА САДИҚОВА, ХОРЕОГРАФ:

 - Бир вақтлар Балхаш шаҳрига жаҳонга таниқли раққос Махмут Исимбаев ўз концерт дастури билан келганди. Унинг чиқишларидан сўнг онам менга бир даста гул тутқазди ва саҳнага йўллади. Миннатдорчилик белгиси сифатида Махмут Исимбаев мени кўтариб олиб, пешонамдан ўпганди. Бу – унинг берган оқ фотиҳаси бўлса керак, дейди онам.

Анвара Садиқова классик, замонавий хореография билан миллий қозоқ рақсини уйғунлаштира олди. Натижада, жуда ҳам ўзига хос, бетакрор “Неоқозоқ хореография” йўналиши пайдо бўлди. Ва бу атамани ҳам Анваранинг ўзи кашф қилди. Ундаги қобилият ва меҳнатсеварлик муваффақиятларга эришишига имкон берди. У бугунги кунда муносиб шогирдлар етиштираяпти, улар Қозоғистон санъатини халқаро фестивалларда муваффақиятли намойиш этишаяпти.

ЖАСУЛАН ТИЛЕУҚАБИЛ, ЎҚУВЧИ:

 - Ажойиб педагог ва хореограф. Ҳар бир ишида унинг эътибори ва эзгулиги сезилади. Устоз ўзида академик маданият ва қозоқ қалби сифатларини жо этган.

Анвара Садиқова миллий балет санъатини ривожлантириш масалаларига оид 20 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этган. У қатор телевизион дастурлар ва фильмлар сценарийлари муаллифи. Шунингдек, “Қозоқ рақси” ҳужжатли фильмининг режиссёрларидан бири бўлган. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, хореографнинг фильмларидан бири кинематограф соҳасида “Қулагер” мукофотига сазовор бўлди. 

АНВАРА САДИҚОВА, ХОРЕОГРАФ:

 - Фильмнинг асосий мақсади – тарихни ва қозоқ рақсини касбий даражага олиб чиққан шахсларни кўрсатиш, уларнинг тақдири ва санъат тараққиётига қўшган улуши ҳақида ҳикоя қилиш эди.

Бугунги кунда ёш педагог Қозоғистон хореографиясининг оёққа туриши ва ривожланиши тарихига оид материаллар, фото ва кино ҳужжатлар тўплаш, қайта ишлаш, уларни бир тизимга келтириш бўйича улкан ижодий ва илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бормоқда. “Ватанимиз санъатини шарафлашдан бахтиёрман”, дейди Анвара Садиқова.

Фото: baribar.kz