Амстердам шаҳрида “Қозоғистон модаси куни” ўтказилди

Амстердам шаҳрида “Қозоғистон модаси куни” ўтказилди

Амстердам шаҳрида ўтказилган Осиё ва Африка юксак модаси ҳафталигида қозоғистонлик дизайнерлар ишлари тақдим этилди. Фешн-ивент оқшомларидан бири эса “Қозоғистон модаси куни” деб аталди. Услубга мослаштирилган қозоқ миллий кийимларидаги моделлар подиумга замонавий оранжировка қилинган дўмбира ва қўбиз куйлари остида чиқди. Қозоқ нақшлари ва кўчманчилар либосларининг бой услуби қозоғистонлик модельер Хайрулла Абишевнинг “Куйловчи барханлар” коллекцияси очилишида алоҳида кўзга ташланди.

ХАЙРУЛЛА АБИШЕВ, ДИЗАЙНЕР:

-  Бугун биз Ёшлар йилига бағишланган янги коллекцияни намойиш қиляпмиз. Ушбу коллекциям воситасида мен ёшларимизнинг нақадар тараққий этгани, нақадар иқтидорли экани ва дид билан кийина олишини  кўрсатишни истадим. Бизнинг либосларимизда Европа,  Осиё ва ҳатто Африка бирлашган, аммо ҳар бирида миллий кийимларимиз элементлари кўриниб турибди.

АҚБЎТА ТЎҚТАСИНОВА, ДИЗАЙНЕР:

-  Сўнгги коллекциямиз Ёшлар йилига бағишланган. Унда биз қозоғистонлик ёшлар қандай кийимларни хуш кўришини, қандай кийинишини кўрсатишни истадик. Амстердамликларни бизнинг таниқли моделларимиз билан таништирдик. Айнан шу ерда бизнинг коллекциямиз илк бора намойиш этилди.

“Баҳор-Ёз-2019” мавсуми этноколлекцияси юксак дидли голландияликлар орасида шов-шув уйғотди. Қозоғистон юксак модасининг ўзига хослиги ва бетакрорлигини хорижлик журналистлар ҳам, таниқли фешн-блогерлар ҳам таъкидлашди.

АЙДИН АЖИҚ, ASIA-AFRICA FASHION WEEK EUROPE ДИРЕКТОРИ:

-  Жуда ажойиб ўтди! Маҳаллий томошабинлар маданиятингизни юксак баҳолади! Бу тадбир Нидерландияда Қозоғистон имижини ошириш йўлидаги жуда яхши имконият бўлди.

Ўн тўрт ёшли Вероника Иванченко Амстердам шаҳрида ўтган Осиё ва Африка юксак модаси ҳафталиги қатнашчиларидан бири. Астаналик қиз онаси билан ҳамкорликда ўз эскизларига мувофиқ ўсмирлар учун спорт кийимлари ишлаб чиқаради.

Нидерландиядаги Қозоғистон элчихонаси ташкил этган “Ўрганилмаган Қозоғистон” фотокўргазмаси ушбу чиқишларга ёрқин қўшимча бўлди. Бу ишларда Қозоғистон табиатининг ёрқин тасвирлари ва навқирон пойтахт – Астананинг панорама суратлари тақдим этилган.

Фото: mfa.gov.kz