Қозоғистонда 4-марта Шукрона куни нишонланади

Қозоғистонда 4-марта Шукрона куни нишонланади

Баҳорнинг илк кунида Қозоғистонда 4-марта Шукрона куни нишонланади. Ушбу байрам Давлат раҳбарининг фармонига кўра таъсис этилган. Бу бежиз эмас. Айнан шу кунда Қозоғистон халқи ассамблеяси ташкил этилганди. Бугунги кунда мамлакатнинг барча этнослари мудҳиш депортация йилларида кўрсатган меҳмондўстлиги, дўстлиги ва қўллаб-қувватлагани учун қозоқ халқига миннатдорчилик билдиради. “Ижтимоий тотувлик” республика давлат муассасаси етакчи эксперти Камал Алпеисованинг айтишича, Шукрона куни – юртимизда юзага келган этнослараро ва конфессиялараро дўстлик-ҳамжиҳатликка яна бир марта эътибор қаратишга имкон беради.

КАМАЛ АЛПЕИСОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕИДЕНТИ ҚОШИДАГИ “ИЖТИМОИЙ ТОТУВЛИК” РЕСПУБЛИКА ДАВЛАТ МУАССАСАСИ ЕТАКЧИ ЭКСПЕРТИ:

-  Бу байрамнинг бош ғояси – ўтган эзгуликларни унутмаслик, яхши ишларни амалга ошириш, хайрия тадбирларида иштирок этиш. Айни вақтда қозоқларнинг ўз вақтида депортация қилинган халқларга қилган меҳрибонлигини хотирлашдан иборат.

Байрамнинг муҳимлигини Қозоғистонда яшаётган барча этнослар диаспоралари вакиллари ҳам таъкидлайди. Мамлакатнинг кўп миллатли эканлиги унинг бутун жаҳон тан олган халқаро бренди ва миллий ғоясига айланди. Мамлакатда шаклланган кўпэтнослилик Қозоғистон халқларига ўз илдизларини унутмаган ҳолда бир-бирининг маданияти, анъаналарини янада яхшироқ ўрганиш учун имконият яратади. Масалан, 30 йилдан буён фаолият юритаётган немисларнинг “Уйғониш” жамоат бирлашмаси болалар ва катталар учун бепул она тили курсларини ўтказиб келади. Жамият раҳбари Игорь Бергнинг айтишича, марказга ҳафтасига 500 дан ортиқ одам ташриф буюради.

ИГОРЬ БЕРГ, “УЙҒОНИШ НЕМИСЛАР ЖАМИЯТИ” ЖАМОАТ БИРЛАШМАСИ РАҲБАРИ:

 - Биз немислармиз. Оиламиз Қозоғистонга депортация қилинган. Маҳаллий аҳоли, қозоқлар ўзлари тўқчиликда яшамаётган бўлса ҳам бизни кутиб олгани, имкон қадар кўмак кўрсатгани ҳаммага маълум. Қозоғистонга биздан бошқа ҳам кўп одамлар депортация қилинган. Уларнинг ҳар бири ушбу заминдан, ундаги бағрикенг одамлардан миннатдор эканлигига ишончим комил.