Уржар маликаси сепи – Миллий музейда

Уржар маликаси сепи – Миллий музейда

“Уржар коҳини ва қайта тикланган дафина”. Қозоғистон миллий музейида олти йил муқаддам республика шарқида археологлар томонидан топилган ноёб артефактлар кўргазмаси очилди. Таниқли тадқиқотчи Тимур Смағулов раҳбарлик қилган экспедиция топилмалари улкан шов-шувларга сабаб бўлди. Экспозициянинг марказий объекти – аслзода аёл қабридаги топилмалар.

ТИМУР СМАҒУЛОВ, АРХЕОЛОГ, УРЖАР АРХЕОЛОГИК ЭКСПЕДИЦИЯСИ РАҲБАРИ:

 - Ушбу қабрдан топилган деталларни ўрганарканмиз, аёлнинг оёқ томонида қурбонлик ашёларини топдик. У ерда муқаддас идишлар бўлиб, уларда озиқ-овқат қолдиқлари, турли гиёҳлар бор эди. Бош томонида эса олтин тожга ўхшаш буюм бўлаклари ётарди. Шунинг учун ҳам медиаолам вакиллари уни Уржар маликаси деб аташди.

Таъкидлаш жоизки, мутахассислар қадимий саркофагни қайта тиклашга тўла-тўкис тўрт йил сарфлашди. Ушбу синчковлик талаб этувчи иш давомида  экспертлар қолдиқларни миридан-сиригача ўрганди. Реставраторлар ҳатто маликанинг либоси ва олтиндан ишланган бош кийимини ҳам тиклашга муваффақ бўлдилар.

ТАЛҒАТ МАМИРОВ, А.Х. МАРҒУЛОН НОМЛИ  АРХЕОЛОГИЯ ИНСТИТУТИ” РЕСПУБЛИКА ДАВЛАТ КОММУНАЛ КОРХОНАСИ ДИРЕКТОРИ:

 - Бу ерда қадимий одамларнинг либослари қандай бўлганини билиш мумкин. Улар Тоғли Олтой ҳудудидаги ёдгорликларга жуда ўхшаш. Яъни маданиятларнинг яқинлигини кўрсатиш мумкин. Авваллари чегаралар бўлмаганини таъкидлаш жоиз, шунинг учун ҳам маданиятлар ареали ҳақида фикр юритиш мумкин. Сўнгра археология институти генетика институти билан бирга митохондрий ДНКси таҳлилини амалга оширди. Бу таҳлилга кўра аёл гаплотипи Шимолий Евроосиё ҳудудида, масалан, Сибирь, Монголияда яшаган одамларники билан яқинлиги аниқланди.

Мутахассислар дафн этилган аёл шифокорлик хусусиятларига ҳам эга бўлганини тахмин қилишмоқда. Унинг қўлларида пАпоротник топилган. Атрофида эса турли гиёҳлар ва доривор моддалар бўлган. Буларнинг барчаси, экспертлар фикрича, мамлакатимиз ҳудудида қадимда бой тарихга эга, юксак ривожланган қадимий цивилизация мавжудлигини тасдиқлайди.

ҚРИМ АЛТИНБЕКОВ, “ҚРИМ ОРОЛИ” ИЛМИЙ-РЕСТАВРАЦИЯ ЛАБОРАТОРИЯСИ РАҲБАРИ:

 - Айнан мана шу артефактлар юксак ривожланган тиббиёт мавжудлиги, руда қазиш, металл эритиш, уларга ишлов беришнинг анча юксалганини кўрсатади. Отни хонакилаштириш, терига, дарахтга ишлов беришдаги маҳоратни кўринг. Кўчма уйлар қурилиши, мана, кичкина кўчма уйчаларни кўриб турибсиз. Буларнинг барчаси ашёвий далиллар. Шунинг учун ҳам улар қимматли, уларни асраш зарур.

Бугунги кунда Уржар маликасига хорижлик олимлар, скифлар даври ҳамда ҳайвонот услубини ўрганаётган тадқиқотчилар ҳам жиддий қизиқиш билдиришяпти. Ноёб топилмаларни ўрганиш натижасида олинган натижаларни мамлакатимиз мутахассислари қадимий технологияларни ўрганувчи лабораторияга тақдим этиш ниятидалар. Бундай лаборатория Павлодар шаҳрида март ойида очилади.

Фото: tengrinews.kz