“Қозоқфильм” картинаси Бангладешда мукофот олди

“Қозоқфильм” картинаси Бангладешда мукофот олди

Қозоғистон киносаноати йилни янги ютуқлар билан бошлади. «Қозоқфильм»нинг икки картинаси Бангладеш кинофестивали мукофотига сазовор бўлди. Режиссёр Талгат Теменовнинг “Катта шаҳарнинг кичик шаҳзодаси” фильми энг яхши болалар фильми деб топилди, «Шинирау» картинасидаги операторнинг креатив иши эса Осиё фильмлари танловида ғалаба келтирди. Таъкидлаш жоиз, жорий йилда Даккадаги фестиваль 72 давлат вакилларини ўзида жамлади. Улар 220 та кинолентани тақдим этишди.

Қозоғистон киномаҳсулотлари сифатини танқидчи ва халқаро ҳакамлар юқори баҳолайди. Шунингдек, хорижий телеканал ва кинотеатрлар продюсерлари ҳам шундай фикрда. 180 давлат “Қозоқ хонлиги” сериалини сотиб олишга қизиқиш билдирган. Улар орасида Хитой ва Лотин Америкаси мамлакатлари бор. Бу ҳақда продюсер Арман Асенов Москвадаги намойиш чоғида гапирган. “Қозоқ хонлиги. Олмос шамшир” сериали киноверсиясининг Россиядаги премьераси Третьяков галереясида ташкил этилди.

АРМАН АСЕНОВ, ПРОДЮСЕР:

- Бразилия, лотин давлатлари. Улар ҳайрон қолишди, биз билан боғланиб, кўплаб мақолалар ёзишди. Ишимизни “Тахтлар ўйини”га қиёслашди. Очиғи, тўғри қиёслаш. Чунки съёмкага ёндашув, масштаб, костюмлар “Тахтлар ўйини”га ўхшайди. Ягона фарқ шундаки, бизнинг ишимиз реал тарих, кўчманчи турмуш тарзининг реал ўтмиши.

РУСТЕМ АБДРАШЕВ, РЕЖИССЁР:

– Чорак асрдан ошиқроқ вақтдан бери биз мустақилмиз. Биз “Мәңгілік ел” тушунчасини татбиқ этишга уриняпмиз. Келажакка интилиш учун ўтмишга суяниш, ортга назар ташлаш керак. Фақат ўз тарихимиз, илдизларимизни ўрганибгина олдинга борувчи тўғри йўлни топа оламиз.

Эслатиб ўтамиз, “Қозоқ хонлиги. Олмос шамшир” – тўлиқ метражли фильм бўлиб, Ильяс Есенберлиннинг “Кўчманчилар” романи асосида яратилган тарихий сериалнинг дастлабки мавсумини акс эттирган. Қозоқ давлатчилиги ташкил топишининг ранг-баранг ва масштабли тарихини кўрсатиш давом этади. Таъкидлаш керак, ҳозирда иккинчи мавсум устида иш кетяпти.