Қозоғистон маданияти: 2018 йил якуни

Қозоғистон маданияти: 2018 йил якуни

Ёрқин фильмлар ва спектакллар премьералари, улкан кўргазмалар, узоқ кутилган концерт ва оламшумул танловлар. 2018 йил қозоғистонликларга кўплаб ёқимли маданий янгиликлар олиб келди.

Июль жазирамаси. Мустақиллик майдони. “Қозоқ эли” монументи қошида минглаб шаҳарликлар ва  пойтахт меҳмонлари. Астана ўз юбилейини нишонлади. Шаҳарнинг 20 йиллиги доирасида мамлакатнинг марказий майдонида байрам гала-концерти бўлиб ўтди.

Қозоғистон маркази ўтган йили жаҳон маданияти марказига айланди. Республика пойтахтига Европа, Осиё, Американинг таниқли қўшиқчилари, энг зўр машшоқ ва раққослари ташриф буюришди. Сентябрь ойида Қозоғистоннинг бош саҳнасида «The Spirit of  the Dance» деб аталган мусиқа ва рақс фестивали бўлиб ўтди. Синтез санъати ўз мухлисларига ғаройиб этно-ворлд-шоу замонавий ва классик мусиқани хореографик ижро билан бирга жонли мусиқа остида тақдим этди.

«Жизель», «Соломея», «Шчелкунчик», «Серенада».  Жорий йил «Астана Балет» театри жамоаси учун ҳам жуда самарали келди.

ВАЛЕРИЙ КУЗЕМБАЕВ,  «АСТАНА БАЛЕТ» ТЕАТРИ ДИРЕКТОРИ:

 - Бу йил биз Давлат раҳбари ташрифи доирасида Америка Қўшма штатларида бўлдик, Нью-Йорк шаҳридаги Линкольн маркази саҳнасида концерт бердик. Шунингдек, Италиянинг Милан шаҳрида, Монако князлигининг Монте-Карло шаҳрида санъатимизни намойиш этдик. Хитой пойтахти Пекиндаги балет фестивалида иштирок этдик.

Таниқли қозоғистонлик қўшиқчи Димаш Қудайбергенов ҳам ўтаётган йилда мухлисларини хурсанд қилди. Ёш ижрочининг Лондонда ўтган яккахон концертида залга одам сиғмай кетди. Қозоғистон булбулини тинглаш учун жаҳоннинг 46 мамлакатидан минглаб мухлислар Буюк Британия пойтахтига ташриф буюрди. У донғи чиққан қатор лирик балладалар, қозоқ халқ қўшиқларини куйлади ва дўмбирада “Адай” куйини ижро этди.

Ўтган йилнинг энг кутилган маданий воқеаларидан бири “Болалар Евровидениеси-2018” бўлди. Унда илк марта вакилимиз иштирок этди. Белорусь пойтахтида республика шарафини Данэлия Тулешова ҳимоя қилди. Томошабинлар овозига кўра у фахрли учинчи ўринни олди.

Жорий йилда беқиёс қобилиятини намоён эта олган яна бир қозоғистонлик қизнинг бутун оламга донғи кетди. “Айка” фильмидаги роли учун унга 71-Канн кинофестивалининг энг яхши актрисаси унвони берилди. Шу билан бирга, фильм энг нуфузли киномукофот – “Оскар” рўйхатидан жой олди.

Қозоғистонлик артистларнинг халқаро саҳналардаги муваффақияти, сайёранинг барча қисмларида халқимизнинг қадимий ва ўзига хос санъатини намойиш этиши ҳақиқатан ҳам Қозоғистоннинг мислсиз хазинага эгалигини ва унинг мислсиз маданий кодини оламга тақдим этишга тайёрлигини яна бир бор кўрсатди.