Астанада машҳур «Нотр-Дам де Пари» мюзикли саҳналаштирилди

Астанада машҳур «Нотр-Дам де Пари» мюзикли саҳналаштирилди

Афсонага айланиб кетган муҳаббат қиссаси қозоқ тилида саҳналаштирилди. Астанада машҳур «Нотр-Дам де Пари» мюзикли саҳналаштирилди. Чин муҳаббат, хиёнат, лўлиларнинг ўзига хос мусиқаси, сеҳрли цирк ҳаракатлари – буларнинг барчаси бир мюзиклда туташган. Актёрларнинг айтишича, уни тайёрлаш қизиқарли ва машаққатли кечган. Чунки рақс тушаётиб қўшиқ ҳам  куйлаш керак. Айни вақтда образни очиб бериш, томошабинга етказиш лозим. Гўзаллиги билан кўпчиликни лол қолдирган Эсмеральда ролини Жарқинай Шалқарова ва Роза Муқатаева ижро этдилар.

РОЗА МУҚАТАЕВА, ЭСМЕРАЛЬДА РОЛИ ИЖРОЧИСИ:

 - Эсмеральда образи менга жуда яқин. Баъзи жиҳатлари менга ўхшамагани билан, ички дунёси меникидек. У эркинликни, озодликни яхши кўрадиган қиз. Озодликда ўсган, табиатни эъзозлайди. Айниқса, шу жиҳати менга яқин.

«Нотр-Дам де Пари» мюзикли Виктор Гюгонинг «Париж Биби Марьям ибодатхонаси» романи асосида ёзилган. Либретто муаллифи – Люк Пламондон. У ташқи қиёфаси, чеҳраси, вужуди эмас, қалби гўзал Квазимодо сиймосидан илҳом олганини айтган.

АДИЛ СУЛТАН, КВАЗИМОДО РОЛИ ИЖРОЧИСИ:

 - Квазимодо пок юракли, ажойиб персонаж дейиш мумкин. Мен қўшиқчиман. Актёрлик томонимни кўп ишлашимга тўғри келди. Айниқса, Квазимодо букир бўлгани учун, унга ўхшаб юришни ўрганиш қийин бўлди.

Гиннес рекордлар китобига кириб улгурган ушбу асарни дунёнинг 11 миллиондан зиёд томошабини кўрган. Мюзикл илк бора Парижнинг Конгресс саройида саҳнага қўйилди. 20 йил ўтгач, қозоқ тилида томошабинларга тортиқ этилди.

ЕРЛАН ДАКЕНОВ, «ҚАЗАҚКОНЦЕРТ» ДАВЛАТ КОНЦЕРТ ТАШКИЛОТИ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Кастинг ишлари беш ой давом этди. Тайёргарлик бор, таржима ишлари бор. Қозоқча матнни таниқли шоир Серикзат Дуйсенғазин тайёрлади. Бу премьера Марказий Осиёда биринчи марта намойиш этилди, катта янгилик бўлди. 9 мамлакат тилида қўйилган. Қайси давлатда қўйилса, албатта шу халқ тилида ижро этилиши керак экан.