COVID-19: Марказий Осиёдаги вазият

COVID-19: Марказий Осиёдаги вазият

Осиё Тараққиёт банки ва ЮНИСЕФ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига COVID-19 тестлари учун реагентлар ҳамда 71 мингдан зиёд тиббий  комбинезон ва 8 мингта бахила тақдим этди.

Айни вақтда, мамлакатда КВИ юқтириш ҳоллари ортиб боряпти. Ўтган кеча давомида яна 230 одам COVID-19 билан хасталангани аниқланган. Республикада бу дард билан оғриганлар умумий сони 45 мингдан ортган. Коронавирус инфекциясидан фориғ бўлганларнинг умумий сони  42 мингдан ошди. 368 нафар қурбон берилган. Бугунги кунда республикадаги юқумли касалликлар шифохоналарида даволанаётганлар сони икки ярим минг нафардан зиёд.

Қирғизистонда барча шифокорларни КВИнинг иккинчи тўлқинига қарши курашишга ҳозирлашяпти. Мамлакат бош вазири Қубатбек Бўрўновнинг айтишича, февраль ойида бошланган малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида инфекционистлар, вирусологлар ва лаборантлардан ташқари, бошқа врачлар ҳам таълим олмоқда. Республикада шошилинч равишда янги касалхоналар қуриляпти.

Мамлакатда 10 сентябрь тонгигача 71 та зотилжам ва COVID-19 ҳолати аниқланди, бу касалликларни тегишли вазирлик ягона статистикага киритган. Коронавирус инфекцияси тарқалганидан буён  республикада  жами 44 минг 684 одам хасталанди. Энг кўп янги ҳолатлар Баткен вилоятида рўйхатга олинган. Сўнгги кеча-кундузда 151 бемор шифохоналарни тарк этди. Тузалганларнинг умумий сони 40 минг 487 нафарни ташкил қилди. Мартдан буён бу мамлакатда коронавирусдан  1 минг 63 нафар фуқаро вафот этди.

Тожикистонда сўнгги кеча-кундузда яна 39 одамга COVID-19 юққани аниқланди. Республикада 30 апрелдан буён хасталанганларнинг умумий сони 8 минг 899 нафарга етди. COVID-19 туфайли 71 нафар бемор вафот этди, етти  ярим минг нафардан зиёд одам касалликни енга олди. 

Туркманистон расмий ҳукумати коронавирус инфекцияси мавжудлигини рад этиб келмоқда. Расмий маълумотга кўра, шу кунгача бирорта одамда COVID-19 кузатилмаган.

 

Фото: aa.com.tr