Марказий Осиё мамлакатлари Япония билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Марказий Осиё мамлакатлари Япония билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Коронавирусга қарши курашда самарали ҳамкорлик, минтақа иқтисодиёти учун унинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда ташқи иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш. «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти иштирокчилари бўлган ташқи ишлар вазирлари ушбу масалаларни муҳокама қилди. Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича онлайн-форматда бўлиб ўтган конференцияда мамлакатимиз номидан вазир Мухтар Тлеуберди иштирок этди.

Учрашув давомида томонлар эпидемиологик вазият, минтақа ичида инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, хорижда қолиб кетган фуқароларни қайтариб олиш, шунингдек, иқтисодий ҳаракатчанлик тикланиши ва тадбиркорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор беришди.

Қозоғистон томони Япония ҳукуматига коронавирусга қарши курашда ҳар томонлама кўрсатган ёрдами ва мамлакатлар ўртасида санитария-эпидемиология хизматлари ҳамкорлигини кенгайтириш, вакцина ҳамда бошқа дори-дармонлар ишлаб чиқишда берган илмий-амалий ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

Ташқи ишлар вазирлари савдо-иқтисодий алоқаларни тиклашда ҳамжиҳатликда иш юритишга келишиб олишди. Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётларини модернизациялаш учун қўшма лойиҳалар яратиш йўли билан Япониянинг иқтисодий ва технологик потенциалидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Келгуси, 2021 йилда Токиода бўлиб ўтадиган 8-учрашувгача савдо, инвестициялар, қишлоқ хўжалиги соҳаларида япон бизнеси иштирокида қатор лойиҳалар ишга тушириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда.

Эслатамиз, «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти Кунчиқар юрт мамлакати ташаббуси билан ташкил этилган ва биринчи учрашув 2004 йилда Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтганди. Ушбу форматдаги ҳамкорлик асосий йўналишлари – сиёсий мулоқот, минтақанинг ички ҳамкорлиги, бизнесни қўллаб-қувватлаш, интеллектуал диалог ва маданий алоқаларни кенгайтириш.