COVID-19: Марказий Осиёда вазият қандай?

COVID-19: Марказий Осиёда вазият қандай?

Туркманистон ЖССТ Европа минтақасида COVID-19 рўйхатга олинмаган ягона мамлакатлигича қолмоқда.  Ашхабадда бўлиб ўтган брифингда бу ҳақда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақа бюроси миссия раҳбари  Катрин Смолвуд шундай деди.

Эслатамиз, халқаро ташкилотнинг 5 кишидан иборат экспертлар делегацияси Туркманистондаги коронавирусга оид вазиятни ўрганиш учун ташриф буюрганди. Гуруҳ бир қанча тиббиёт муассасалари, аҳоли соғлиғини сақлаш марказлари, лабораторияларда бўлди, врачлар билан учрашди, эпидемиологик назорат борасидаги ишлар билан танишди.

«Туркманистондаги ишлар тўғрисида батафсил маълумот тез кунларда чоп этиладиган ҳисоботимизда кўрсатиб ўтилади»,  деди эксперт.

Қирғизистонда эса Соғиқни сақлаш вазирлиги яна 13 та «Тез ёрдам» автомобиллари харид қилди. Улар беморларга шошилинч ёрдам кўрсатиш ва олиб кетиш учун барча зарур ускуналар билан жиҳозланган. Машиналар республиканинг 7 вилоятига тақсимланади.

Умуман олганда, июнь ойи ўртасидан буён Қирғизистонда коронавирус юқтирганлар сони кескин ортди. Сўнгги 24 соат давомида бу ерда яна 521 кишида СOVID-19 аниқланди. Республика бўйича 12 498 одам касалланган. Ўтган кеча-кундузда яна 7 та ўлим ҳолати қайд этилди. Пандемия бошланганидан буён КВИ туфайли 167 одам вафот этди. Таъкидлаш жоизки, мамлакатда пневмония ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Ўтган кеча-кундузда бу дарддан 41 пациент вафот этди. Республика штабида рўйхатдагиларнинг 21 нафари Бишкек шаҳридан эканлигини кўрсатиб ўтишди.

Ўзбекистонда карантин чоралари такрор жорий этилиши самарасини кўрсатганича йўқ. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотга кўра, мамлакат президенти селектор йиғилиши ўтказган. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон COVID-19 ни енгиб ўтиш учун барча захиралар ва имкониятларга эга эканлигини тилга олган. Республика раҳбари фуқароларни пандемия шароитида яшаш ва ишлашга кўникишга чақирган. 16 июлгача мамлакатда 14 581 одам коронавирус юқтирган. Вирус қурбонлари сони 71 га етди.

Тожикистонда тиббиёт университети устозларидан беш нафари  коронавирус қурбони бўлди. Душанбеда бўлиб ўтган матбуот конференциясида Тожикистон Давлат Тиббиёт университети ректори Маҳмадшоҳ Гулзода шу ҳақда маълум қилди. Таълим даргоҳи устозлари айни вақтда 37 клиникада ишлайди, пандемия бошланганидан буён 129 педагог врач сифатида ишлай бошлади. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунгача бу мамлакатда 6 695 та COVID-19 ҳолати рўйхатга олинди. 56 одам вафот этди, 5 мингдан ортиғи тузалиб чиқди.  

 

Фото: kg.akipress.org