COVID-19 Марказий Осиёда: Бутунжаҳон Банки ҳудуд учун хатарлар ва истиқболни таҳлил қилди

COVID-19 Марказий Осиёда: Бутунжаҳон Банки ҳудуд учун хатарлар ва истиқболни таҳлил қилди

Бутунжаҳон Банки экспертлари коронавируснинг Марказий Осиё давлатларига таъсирини тадқиқ қилди ва пандемия оқибатлари ҳудуд иқтисодиётининг келгуси ривожига қандай таъсир қилиши борасида хулосаларини баён этди.

Бутунжаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий директори Лилия Бурунчук таъкидлашича, қайта тикланиш жараёни вақт талаб қилади.

«Пандемия кучли таъсир ўтказди ва бутун глобал иқтисодиёт бирдан кескин пасайиб кетишига олиб келди. Бизнинг базавий прогнозларимизга кўра, 2020 йилда жаҳон ЯИМ 5,2 фоизга қисқаради. Марказий Осиё бўйича бу кўрсаткич 1,7 фоиз. Жаҳон иқтисодиётидаги бу пасайиш бир неча ўн йил, ҳатто юз йилликда ҳам энг кескин пасайиш бўлади», деб таъкидлади Лилия Бурунчук онлайн-брифинг давомида.

Бутунжаҳон Банки экспертлари 2021 йилда Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётида ўсиш бўлишини прогноз қилди. Албатта, агар пандемия янгиланмаса. Ушбу ҳудуд ва дунё мамлакатлари келгусида қандай тараққий этиши улар бугунги кунда коронавируснинг иккинчи тўлқинидан омон қолишда қандай чоралар кўришига боғлиқ бўлади.

«Бозор иқтисодиёти шаклланган кўплаб давлатларда ва ривожланаётган мамлакатларда инқироз жуда жиддий оқибатларга олиб келади. Бу меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқаришнинг потенциал ҳажми учун узоқ муддатли салбий натижалар туғдиради. Ҳаммасидан ёмони, албатта, истисодиёти жаҳондаги бошқа давлатлар билан савдо-молиявий алоқаларга, глобал иқтисодиётга боғлиқ бўлган мамлакатлар кўпроқ зарар кўради. Бунга пул ўтказмалари муҳим роль ўйнайдиган давлатлар ҳам киради. Бу эса Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам характерли», дея илова қилди Бутунжаҳон Банки ҳудудий директори.

Шу билан бирга, дейди экспертлар, инновация учун янги имкониятлар яратиш мақсадида инқироздан фойдаланиб қолиш ҳам муҳим. Масалан, Қозоғистон буни амалга оширмоқда.

«Ўйлайманки, пандемия юзага келтирган мазкур вазият инновациялар учун имконият яратади. Бутунжаҳон Банки Қозоғистонда маҳаллий олимлар ишлаб чиққан, COVID-19 ни аниқлаш мумкин бўлган рақамли таҳлил бўйича  ўпка рентгени ўтказишга қаратилган лойиҳани қўллаб-қувватлайди», дея кўрсатиб ўтди Бутунжаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий директори Лилия Бурунчук.

Лилия Бурунчук айтиб ўтгани каби, бугунги кунда долзарб бўлган яна бошқа кўплаб инновациялар ҳам мавжуд. Бутунжаҳон Банки ҳудудда шунга ўхшаш бир нечта лойиҳани қўллаб-қувватлаш ниятида.

Умуман, молиявий институт аналитикларининг якуний хулосасига кўра, Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти имкон қадар тезроқ тикланиши учун ушбу босқичда уларнинг истиқболли стратегик вазифаси пандемия оқибатларини одамлар учун юмшатиш, энг яқин истиқболда иқтисодий зарарни қисқартиришга қаратилган чоралар кўриш бўлиши лозим. Шунингдек, инвестиция иқлимини яхшилашга қаратилган зарур ислоҳотларни амалга ошириш ва бизнес ҳамда хусусий сектор фаолиятини давом эттириши мумкин бўлган шароит яратиш ҳам муҳим.

 

Фото: tazabek.kg


×