CODID-19: Марказий Осиёда даволаш тактикаси ўзгармоқда

CODID-19: Марказий Осиёда даволаш тактикаси ўзгармоқда

Ўзбекистон касалликни енгил ўтказаётган ва симптомсиз COVID-19 ташувчилари бўлган беморларни шифохоналарга ётқизмасликка қарор қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазият жиддий бўлмаса, ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам бундай пациентлар уйларида қолаётгани ва врачлар тавсиясига кўра даволанаётганини таъкидламоқда. Аввалроқ Ўзбекистон коронавирус билан касалланиб, тузалганларни 14 кун давомида кузатиб боришдан ҳам воз кечганди. Республикадаги эпидемиологик вазиятга келганда, бу мамлакатда сўнгги кеча-кундузда 68 одамда касаллик тасдиқланди. Уларнинг кўпчилиги карантин марказларидагилар. Пандемия бошланганидан буён Ўзбекистонда 5561 одам COVID-19 юқтиргани тасдиқланган. Бугунги кунга келиб уларнинг 4 минг нафари тузалиб чиқди ва 19 пациент вафот этди. Шу кунларда мамлакат шифохоналарида бир ярим минг нафар атрофида бемор бор.

Қирғизистонда ҳам шифохоналарда муаммо юз бермаслиги учун КВИ юқтирганларни даволаш тартибига ўзгаришлар киритилди.

«Янги алгоритмга кўра, симптомсиз пациентлар уй шароитида даволанади. Уларни махсус гуруҳ кузатиб боради», - деб ёзилган Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотда.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги ҳафтада бу республикада ҳам беморлар сони орта бошлади. Сўнгги кеча-кундузда КВИ яна 90 одамда аниқланди. Хасталанганлар умумий сони 2600 га етди.

Тожикистонда супермаркетлар, буюм бозорлари, кийим дўконлари, ресторанлар, меҳмонхлналар ва гўзаллик салонлари иш бошлади. Улар 30 апрелдан ёпиб қўйилганди. Асосий талаб – ниқоб тақиш, масофаланиш ва санитария меъёрларига риоя этиш. Душанбе шаҳрида 10 минг нафар тадбиркорлар ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари иш бошлаган. Республика штаби жамоат жойларида тиббий ниқоблар тақишни талаб қилмоқда. Қоидабузарларга жарима солинади. Мамлакат ҳозирча давлат чегарасини очиш ниятида эмас. Хорижликлар ҳам киритилмайди. Республикада сўнгги маълумотларга кўра 5160 одам COVID-19 юқтирган. 50 одам вафот этган. 3624 пациент тузалиб чиқди.

Туркманистонда расмий маълумотларга кўра бирорта касалланиш ҳолати рўйхатга олинмаган.

 

Фото: upl.uz


×