Марказий Осиё давлатлари аввалги ҳаётга қайтмоқда

Марказий Осиё давлатлари аввалги ҳаётга қайтмоқда

Коронавируснинг Марказий Осиёдаги хуружи бироз бўшашди, шунга кўра, ҳудуддаги мамлакатлар босқичма-босқич карантиндан чиқа бошлади. Бу коронавирус пандемияси туфайли издан чиққан иқтисодиётни тиклаш учун ҳам керак. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумати ўз тадбиркорларини имкон қадар қўллаб-қувватлашга интилмоқда. Улар бир қатор солиқлардан озод қилиниб, имтиёзли кредит олиш имконига эга.

Ўзбекистон: енгил автомобиллар импорти учун акциз бекор қилинади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ички автомобиль бозорини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда республика Адлия вазирлиги маълум қилди.

Ҳужжатга биноан, жорий йил 1 августидан автомобиль учун акциз солиғи бекор қилинади.

Ҳозирда республикада енгил автомобиллар импорти учун  30 фоизлик акциз солиғи мавжуд. Қиёслаш учун, Россия, Қозоғистон ва Украинада янги автомобиллар учун 2 фоизлик акциз жорий этилган.

Бугунги кунда хориждан автомобиль келтириш учун Ўзбекистонда қўшимча нархда солиқ, божхона ва акциз солиғи тўланиши шарт.

Маҳаллий автомобилга оид сайтлар хабарига кўра, акциз солиғи бекор қилингач, чегара ортидан келтириладиган автомобиллар нархи 2400 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда арзонлашади.

Тожикистон: Медиа-омбудсмен институти тузилди

Эндиликда Тожикистонда юз бераётган воқеликнинг ишончли тасвирланиши ва журналистика этикасига риоя қилинишини Медиа-омбудсмен институти ўз назоратига олади.

Тузилма Тожикистонда Internews Network халқаро ташкилоти кўмагида яратилди. Тожикистон мустақил ОАВ Миллий ассоциацияси раҳбари Нуриддин Қаршибоев айтишича, медиа-омбудсменлар маҳаллий олтита оммавий ахборот воситасида иш олиб боради. Олдинроқ барча омбудсменлар  Internews Network ва ЕХҲТ маърузалар курсидан ўтган.

 

Фото: m.uz.sputniknews.ru