COVID-19: Марказий Осиёда даволаниб чиққанлар сони тобора ортмоқда

COVID-19: Марказий Осиёда даволаниб чиққанлар сони тобора ортмоқда

Ўтган ҳафта давомида Қирғизистон шифохоналаридан коронавирус юқтирган 38 пациент тузалиб чиқди. Шу тариқа, мамлакатда жами 254 одам тузалди, 7 нафари вафот этди. Бундан ташқари, яна 22 одам COVID-19 юқтиргани аниқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурбўлўт Усенбаев маълум қилди. Унинг айтишича, яна 10 нафар тиббиёт ходими хасталанган. Умуман олганда, Қирғизистонда 612 одам коронавирус билан хасталанди. Шундан 157 нафари «оқ халатли нажоткорлар».

Ўзбекистонда ҳам хавфли вирусни енгиб ўтганлар сони ортмоқда. Кеча яна 51 одам хасталанди, 96 нафари тузалиб чиқди. Шу кунда пандемия давомида энг кўп одам COVID-19 юқтириб олди. Бугунги кунгача коронавирусдан тузалиб чиққан ўзбекистонликлар сони  357  га етди. Республикада жами 1692 касалланиш ҳоллари аниқланди, 6 нафари вафот этди.

Тожикистонда «пневмониядан» вафот этган прокуратура ходими оиласи карантинга қўйилди. Кўплар кучайтирилган эҳтиёт чоралари шароитида дафн этилган ёш прокурор вафотидан кейин ҳушёр тортди. Аҳоли мамлакатга коронавирус инфекцияси кириб қолдими, деган ваҳимада. Вафот этган йигитнинг чет элдан келган укаси ҳам оғир аҳволда. Расмий ходимлар бу маълумотни тасдиқламади ҳам, рад ҳам этмади. Аммо Тожикистон раҳбарияти мамлакатда коронавирус юқтириш ҳоллари йўқлигини таъкидламоқда.

Туркманистонда ҳам COVID-19 юққанини тасдиқлайдиган ҳолатлар рўйхатга олинмади.

 

Фото: kp.kz