Қозоғистон коронавирус бўйича хавфли бўлган давлатлар рўйхатини ўзгартирди

Қозоғистон коронавирус бўйича хавфли бўлган давлатлар рўйхатини ўзгартирди

Қозоғистонда коронавирус тарқалган давлатлардан келаётган фуқароларни текшириш давом этмоқда. Республика бош санитар врачи Жандарбек Бекшин энг хатарли мамлакатларнинг янги рўйхатини тақдим қилди.

Биринчи А-даражада аввалгидек ХХР, Эрон ва Жанубий Корея. Бу мамлакатлардан келган шахслар махсус ҳозирланган тиббиёт муассасаларида 2 ҳафталик карантинга олинади.

Биринчи Б-даражада фақат Италия қолди. Бу мамлакатдан келганлар уйида икки ҳафталик карантин муддатини ўтказади. Уларга оила аъзолари билан имкон қадар кам мулоқотда бўлиш ва алоҳида хонада яшаш шарти қўйилган.

Иккинчи даражадаги Германия ва Испаниядан келганлар уй карантинида бўлади, тиббиёт ходимлари назоратида бирмунча эркин ҳаракатланиши мумкин.

Учинчи даражага Гонконг, Швеция, Япония, Таиланд, Араб Амирликлари, Франция, Малайзия, АҚШ, Сингапур, Қувайт, Баҳрайн, Ироқ, Буюк Британия, Швейцариядан келганлар киради. Тиббиётчилар улар аҳволини телефон орқали сўраб туради.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, 3 минг 676 одам назорат остида қолмоқда. Қўшимча таҳлиллар учун барча хасталанганлар қон намуналари Алматидаги Ўта юқумли касалликлар миллий илмий марказига юборилган. Унда коронавирус диагностикаси методикаси ўзлаштирилган.

Қозоғистонда бугунги кунгача бирорта коронавирус билан касалланиш ҳолати рўйхатга олинмаган. Шифокорлар тавсиясига кўра, одам кўп тўпланадиган жойларга бормаслик, қўл ва юзни совун билан ювиш, тумов аломатлари бўлган тақдирда яшаш жойидаги шифохонага бориш керак. Қозоғистонликлар барча саволлар юзасидан 1406 рақами бўйича сутка давомида ишлайдиган Call-марказга мурожаат этиши мумкин.

Фото: centralasia.media