Қирғизистонда янги ГЭС қурилади

Қирғизистон фаоллик билан минтақада энг йирик бўлиши кутилаётган “Қамбар Ота-1” гидроэлектрстанцияси қурилиши учун инвесторлар ахтармоқда. Иншоот бир минг саккиз юз олтмиш мегаватт-соат электроэнергия бериши кутиляпти. Қурилиши учун деярли 3 миллиард доллар зарур. Қайта тикланувчи энергия манбаининг қиймати юксаклиги сабаб – ГЭС қурилишини деярли ҳеч нарсадан бошлашга тўғри келади: Норин дарёси оқаётган ҳудудда амалда муҳандислик инфратузилмалари деярли мутлақо йўқ.  Айни вақтда, қирғиз энергетиклари айтишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон янги иншоот қурилишидан манфаатдор. Чунки қўшни давлатлар Қирғизистонда сув тўплашда иштирок этган тақдирда баҳорги суғориш даврида сув беришни тартибга солиш, айни вақтда қўшимча электр қуввати олиш имконияти туғилади.  

АЙТМАМАТ НАЗАРОВ, МИЛЛИЙ ЭНЕРГЕТИК ХОЛДИНГ БОШҚАРУВИ РАҲБАРИ:

- Бизда мазкур ГЭСни биргаликда бунёд этиш тўғрисида қўшма меморандум мавжуд. Ушбу ҳужжат бугунги кунда ҳам амалда. Менимча, яқин кунларда Ўзбекистон томони билан музокаралар бўлади, шунингдек, Қозоғистон билан ҳам фикр алмашиш ниятидамиз. Агар улар розилик берса, биргаликда ГЭС қуришни мўлжаллаяпмиз.

Қирғизистон ва Марказий Осиёда энергия истеъмоли ортиб бораётганидан ташқари, юзага келаётган табиий жараёнлар ҳам мазкур лойиҳани амалга ошириш заруратини келтириб чиқармоқда.

ЭМИЛ ЎСМЎНБЕТОВ, ҚИРҒИЗИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ, ЭЕНЕРГЕТИКА ВА ЕР ОСТИ БОЙЛИКЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚЎМИТАСИ РАИСИ:

- Жорий йилдаги сув етишмаслиги даври бошланди. Тўқтағул сув омборида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ғамланган сув миқдори бир миллиард саккиз юз миллион кубга кам. Муаммони сувни тежаш орқали ҳал қиламиз. Шу билан бирга бугунги кунда биз кўмир олиб келишни кўпайтиришга зўр беряпмиз. Қўшни мамлакатлар билан товар олиб келиш ва алмашлашга эътибор қаратамиз.

Қирғизистон ҳукумати қурилишни ўз кучи билан бошлаб юбормоқчи. Биринчи босқичда 150 метрли тўғон кўтарилади ва иккита сув ташлаш жойи қурилади. Айни бир вақтда, энергетиклар йўл ва муҳандислик коммуникациялари барпо этилишини истайди. Мутахассислар инвестор ёрдамида аввало асосий қурилиш жойигача рисоладагидек йўл қуриш зарур, деб таъкидлайди. Дастлабки ҳисобларга кўра, ГЭС қурилишига жами 8 йилдан 10 йилгача вақт керак бўлади.

Фото: pikabu.ru