Ўзбекистонда «Сулаймон тоғи» музейи экспонатлари кўргазмаси

 

Қирғизистоннинг энг йирик музейларидан бири - «Сулаймон-Тоғ» экспонатлари Тошкент аҳлига тақдим этилди. Тадбир Ўзбекистон давлат тарих музейи биносида ўтказилди.  Ноёб архив материаллари, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар экспозициядан ўрин олган.

Улар ташриф буюрувчиларни Марказий Осиёнинг энг қадимий маданият ўчоқларидан бири билан чуқурроқ танишиш, Жанубий Қирғизистон ҳудудида яшаган халқлар тарихини кўпроқ ўрганиш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, «Сулаймон-Тоғ» музейи Ўш шаҳридаги Сулаймон тоғ қояси ёнбағрида жойлашган. У шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан бири бўлиб, унда ҳамиша туристлар гавжум. Музей 1949 йилда ташкил этилган.

БАХТИЁР ХЎЖАЕВ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ ҚОШИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ ТАРИХ МУЗЕЙИ ИЛМИЙ ХОДИМИ:

- Бу ерда халқимиз учун қизиқарли экспонатлар қўйилган, чунки тарихан биз дини бир, даври бир, эътиқоди бир, маданияти чамбарчас боғланган халқлармиз. Экспозицияда эрамиздан аввалги 10 асрдан бугунги кунгача бўлган тарих даврлари тўлақонли акс эттирилган. Музейнинг ўзи икки қаватли, ғорда жойлашган. Бизга жамоанинг асосий фаолияти кўпроқ қизиқарли.  Улар Марказий Осиёда кенг ёйилган, асосий ўрин тутган уч дин – ислом, маонийлик ва зардуштийликни кўпроқ ўрганишган.

Тадбир «Сулаймон-тоғ» тарихий археологик музейи ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси қошидаги Ўзбекистон давлат тарих музейи ўртасидаги шартномани рўёбга чиқариш доирасида ташкил қилинди. Кўргазма янги йилгача давом этади. 2020 йилда эса уни Самарқанд аҳлига тақдим этишади.

Фото: kabar.kg