Бишкекда 20 га яқин компания “яшил” ноу-хау намойиш этди

Энг янги энергия тежовчи тизимлар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш.

Бишкекда деярли 20 компания ўз «яшил» ноу-хауларини тақдим этди. Улар электр қуввати, иссиқлик, сув ва бошқа ресурсларни тежашнинг турли тамойил ва усулларига асосланган. Айни вақтда, замонавий манбалар энг кам ишлаб чиқариш ва молиявий харажатлар билан ўзи энергия яратиши мумкин.

Масалан, мазкур махсус электрон илова ишланмаси зарур бўлмаган харажатларни қисқартириш учун уйдаги барча назорат қилувчи ускуналар ишини текшириб боради.

ЧИНГИЗ УСЕНОВ, ИЛОВА МУАЛЛИФИ:

- Технология ўзига турли ҳисоблаш ускуналарини бирлаштиради, улар ресурслардан унумли фойдаланиш имконини яратади. Бунда электр энергияси, газ, иссиқлик, сув ҳисоблагичлари бир тизимда, бир рўйхатда кўрсатиб борилади. Улар бир вақтнинг ўзида сарфланган ресурслар билан бирга сифат маълумотларини ҳам жамлайди. Масалан, қуввати, кучланиши, ҳарорати, гигокалорияси ва бошқалар. Барча ҳисоблагичларда симсиз технологиялардан фойдаланилади ва улар жуда самарали.

Экспертлар таъкидлашича, бугунги кунда дунё бўйлаб келажакда инсоният энергиядан самарали фойдаланиши доирасини ўрганишга интилиш давом этяпти. Қирғизистондаги махсус ускуналар тайёрловчилар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам бундан четда тургани йўқ.

ТАТЬЯНА ВЕДЕНЁВА, ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИ:

- Биз бугун ўзимиз ишлаб чиқарган электр энергиясини деярли тўлиғича ишлатамиз. Шу боис яқин келажакда бизнес ҳам, оилалар ҳам энергетик жиҳатдан самарали қарорлар излай бошлайди, бу тренд вақт ўтиши билан кучаяди. Биз етарлича мукаммал қонунчилик базасини, яъни бу бозорнинг барча иштирокчиси учун бир бўлган ўйин қоидаларини  яратгач, мазкур тренд янада кучаяди.

Марказий Осиё аҳолиси, бошқа кўплаб минтақалардан фарқли равишда, қуёш энергияси тақчиллигини ҳис қилмайди. Бу эса қуёш энергияси панеллари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун улкан имкониятлар очади. Шунингдек, муҳандислар фермер хўжаликлари учун ер иссиқлик энергияси, кичик гидро-электр станциялар қуриш учун дарёлардаги баландлик фарқи, шамол энергиясидан фойдаланишни таклиф қилади. Улар айтишича, энергияни тежаш ёки ноанъанавий манбалардан олиш тамойил ва усуллари жуда кўп. Фан бу йўналишда қанчалик яхши ривожланган бўлса, “яшил иқтисодиёт” яратиш усуллари ва эҳтимоллиги ҳам шунча орта боради. 

Фото: eco.tatarstan.ru