Қирғизистонда виртуал олам хатарларига алоҳида эътибор қаратилмоқда

Киберхавфсизлик – биринчи ўринда муҳим. Қирғизистонда виртуал олам хатарларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, ҳозир, республикада глобал рақамли трансформация юз бераётган замонда. Давлат органларининг тобора кўпроқ қисми ҳужжат айланмаси учун булутли технологиялардан фойдаланяпти. Ахборот асосан серверларда сақланади. Махфий маълумотларга кириб бориш учун бугунги кунда кибер-ҳужумлар уюштирилади.

Экспертлар айтишича,  бундай тажовузни терроризмнинг янги шакли дейиш мумкин. Улар жамият учун муаммо туғдириши мумкинлиги яққол кўриниб турибди.

АЛТИНБЕК ИСМАИЛОВ, ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ПАРКИ ДИРЕКТОРИ:

- Булар ҳаммаси аввало ахборот ўғирлаш учун қилинади. Иккинчидан, баъзи ҳолларда маблағ талаб қилиш ҳоллари ҳам учрайди. Шунинг учун ҳам ўз хавфсизлигимизни таъминлашимиз, киберхатарлардан сақланишда эҳтиёт бўлишимиз, биринчи навбатда, хатлар қаердан юборилгани, қандай маълумот сўралаётганига эътибор беришимиз зарур. 

Кибертажовузларга самарали қаршилик кўрсатиш ва Қирғизистон фуқароларини ҳимоя қилиш учун 2019-2023 йилларга мўлжалланган Киберхавфсизлик стратегияси ва уни рўёбга чиқариш чора-тадбирлари режаси қабул қилинган.  

ҚУБАНЫЧ ШАТЕМИРОВ, АХБОРИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА АЛОҚА ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

- Қирғизистонда 2023 йилгача бўлган давр учун Киберхавфсизлик стратегияси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ҳозирнинг ўзида қатор хорижий давлатлар, йирик халқаро ташкилотлар билан шартномалар бор, улар билан тажриба алмашамиз, бу масала юзасидан экспертиза маълумотларини баҳам кўрамиз. Ишга туширилаётган барча йирик ахборот тизимлари, масалан, “Тундук” маҳкамалараро электрон алоқа тизими, давлат электрон хизматлари электрон портали ва бошқаларда ҳам ахборот хавфсизлигига катта эътибор қаратилади, бу муҳим ўрин тутади.

Фото: delo.ua