Қирғизистонда олма боғларида янгича парвариш усуллари қўлланмоқда

Қирғизистонда олмазор боғларни минерал ўғитлар қўшган ҳолда микросуғоришга оид ўзига хос усулларидан муваффақиятли фойдаланилмоқда. Новқат туманида йилига 100 минг тоннагача ҳосил олинади. Маҳаллий миришкорлар айтишича, ўсимликларни суғоришнинг бундай усули нафақат ҳосилдорлик ортишига, балки дарахтлар ўсиб-унишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки бу ерда асосан пакана бўйли олма экилади.

Шу ерда яшовчи Абдулазиз Маматов ташландиқ тошлоқ ерни ўзлаштириб, уни гуллаб-яшнаган боққа айлантиришга муваффақ бўлди. 10 гектар майдонда фермер 23 мингдан ортиқ олма кўчати ўтқазган. Лойиҳани амалга ошириш натижасида боғбон ўз хўжалигини тиклаб олди.

АБДУЛАЗИЗ МАМАТОВ, НОВҚАТ ТУМАНИДАН:

- Аввалига осон бўлмади. Бу ишни миридан-сиригача ўргандим. Кўчатларнинг ҳаммаси Польшадан олиб келинди. Уларнинг ичида редкап, гала, айдарет каби навлар бор. Бизнинг иқлим жуда мос келди. Ҳатто поляклар ҳам ҳайрон қолди.

Фермер хорижий бозорларга экологик тоза маҳсулот экспорт қилишни режалаштирган. Шуни ҳам айтиш керакки, боғбон ҳамкасблари билан тажрибасини баҳам кўриш ниятида. Бунинг учун у махсус таълим маркази барпо этмоқчи.

Фото: kyrgyzkorm.kg